Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Таълимга ташхис қўядиган одам йўқ” – Абдураҳмон Ташанов
Мактаблардаги низолар, ўқитувчиларга босим ва ўсмирлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар – алоҳида ҳодиса эмас, балки тизимли муаммо экани айтилмоқда. Жамоатчилик ва мутахассислар таълим соҳасини чуқур ўрганадиган социологик ва аналитик институтлар етишмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов мактаб таълими ва ёшлар ҳаёти билан боғлиқ масалалар бўйича сифатли социологик тадқиқотларга эҳтиёж кучайганини таъкидлади.
Унинг айтишича, ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги можаролар якка ҳолат эмас, балки тизимли муаммолар занжири билан боғлиқ. Ташанов бу ҳолатни “занжир реакцияси”га қиёслаб, аввал ўқитувчининг ўзи турли босим ва камситишларга дуч келиши, кейин эса бу таъсир таълим олувчиларга ўтиши мумкинлигини айтди.
«Бу – ўқитувчига эмас, таг замирида илмга бўлган муносабат ётибди. Агар бизда жамиятдаги шунақа муаммоларни ўрганадиган, таҳлил қиладиган социология институтлари, нодавлат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари бўлганда, ўзига яраша диагнозлар қўйса бўларди.
Афсуски кейинги пайтларда ташхис билан қизиқаётган одамлар йўқ. Масалан, таълим ёки бошқа соҳада жамиятшунослик, психологик нуқтаи назардан ўрганадиган ташкилотлар умуман йўқ. Бу эртага давлатга триллион-триллион бўлиб тушади, ҳозир камроқ пул сарфлаб буни ўрганиш мумкин. Илгари педагогларни қайта тайёрлаш институти базасида шунақа гуруҳлар бор эди, ёки Республика таълим маркази базасида гуруҳлар бор эди. Ҳозир улар бор ёки йўқ – билмайман.
Ижтимоий тармоққа кирсангиз ахборотларнинг 30 фоизи таълимдаги муаммолар билан боғлиқ. Мактаблардаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ жараёнлар ниҳоятда оғир. Вояга етмаганлар бўйича манзил колонияларда улар ўртасида жиноятчиликларни кўриб тураман. Ниҳоятда даҳшатли фактлар бор. Лекин давлатда мутасадди ташкилотларда етарлича эътибор йўқ. Вояга етмаганлар бўйича комиссиялар бор, формал ташкилотлар гўёки ишлаб турибди. Лекин таҳлил берадиган, ОАВга чиқиб, одамларга тушунтириб бера оладиган, бирор кўрсатувда чуқурроқ таҳлил берадиган одамларнинг ўзи йўқ. Ҳамма пана-панада гаплашади, «таълим ўлди», «таълим реанимацияда» дейди. Таълим учун ҳамма қайғуради, лекин шуни сиёсат даражасига кўтарадиган одам йўқ.
Фан, таълим, маданият бўйича Сенатдаям битта қўмита бор, ўшани 15 нафарча аъзоси бор. Ичида нега парламентга сайланганини тушунмайдиганлариям бор, 3-4 минг доллар ойлик олиб ўтирадиган. Қонунчилик палатасидаям шу аҳвол. 275-мактабдаги воқеа ҳақида гапирмаган одам қолмади, лекин парламентни кузатдим, шулардан бирортаси чиқиб изоҳ бермади, бирор таҳририят эшигини тақиллатмади гапириш учун», деди у.
Тўлиқ суҳбатни ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.
Мавзуга оид
20:55 / 23.04.2026
Таълимда сунъий интеллект: талабалар олдинда, университетлар орқада қолмоқда
13:19 / 20.04.2026
Зўравон педагогларга чеклов: улар 1 йил таълим тизимига ишга киролмайдиган бўлади
18:33 / 11.04.2026
Вазир ўқитувчилардан болаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилди
17:20 / 01.04.2026