20:01 / 07.08.2021
4616

Қашқадарёда ёнган Lacetti ҳодисаси тафсилотлари маълум қилинди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида Lacetti машинасида ёнғин келиб чиққан ва унинг ичида бўлган 4 нафар шахс тириклайин ёниб кетган эди. Маълум бўлишича, ёниб кетганларнинг икки нафари вояга етмаган болалар бўлган.

Жорий йил 5 август куни М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрида яшовчи 53 ёшли фуқаро Ш.К. бошқарувидаги Lacetti Термиз-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бораётган Хоразм вилоятида яшовчи 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Isuzu юк машинасига урилган. Тўқнашув оқибатида Lacetti машинасида ёнғин келиб чиққан ва унинг ичида бўлган тўрт нафар фуқаро таниб бўлмас даражада куйиб вафот этган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Деҳқонобод туманида ўтказилган муҳокама йиғилишида Lacetti’да ёниб кетган шахсларнинг икки нафари вояга етмаган, 2008 ва 2009 йилда туғилган болалар бўлгани маълум қилинган.

Тўқнашув гувоҳларининг айтишича, бошқарувни йўқотган Lacetti катта тезликда бўлмаган ва рўпарадан келаётган Isuzu юк машинасига ҳам унча кучли бўлмаган зарб билан урилган. Тўқнашув оқибатида ёнғин келиб чиққандан сўнг, машинанинг ёнилғиси ҳам ёнишни бошлаган ва шу сабабли жабрланувчиларни қутқаришнинг имкони бўлмаган.

Top