Ўзбекистон | 22:11 / 23.12.2019
53029
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: «Бу сайловда ҳеч ким ютмади»

22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган сайловларда эгалланган депутатлик ўрни бўйича партиялар ўртасидаги фарқ катта эмас, деб ҳисоблайди «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров.

Kun.uz мухбири сайлов якунлари бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманидан сўнг Алишер Қодиров билан суҳбатда бўлди.

«Ўтган сайловларга нисбатан олинган овозларни таҳлил қилиб кўринг. Мен бу сайловларда ҳеч қайси партия ютмади, деб ҳисоблайман. Чунки сайловчилар томонидан берилган сигнал аниқ ишонч ҳеч кимга берилмаганини кўрсатди. Бундан тўғри хулоса қилиш керак.

Шунча ҳаракатларга қарамай, сайловчиларга ишончни, аниқ сигналларни беролмаганимиз – бу бизнинг айбимиз. Лекин ижобий ҳолат сифатида шуни қабул қилиш ҳам керакки, парламентда етакчи куч сифатида сайловчи ҳеч кимни аниқ ажратиб кўрсатмаяпти.

Бунда сайловчиларимизнинг оптимистик руҳини ҳам тўғри тушунишимиз керак. Лекин бир нарса аниқ: парламент ўзгаради.

Бу парламент аввалгиларидан аниқ фикрлар майдони, аниқ фикрлар тўқнашуви ва сайловчининг манфаатлари учун курашадиган парламент бўлиши билан фарқ қилади», – дейди партия етакчиси.

Қодиров шунингдек, бу сайловларда Ўзбекистон Либерал демократик партияси ютиши аввалдан аниқмиди, мазмунидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Йўқ, биз тўлиқ устуворлик учун курашдик. Биз етакчи партия бўлиш учун курашдик ва ҳали бу умидимиздан воз кечганимиз йўқ. Кечаги сайловлардан кейин ҳам 22та округда сайловларнинг давом этаётганлиги биз учун етарли имконият».

Эслатиб ўтамиз, 150та сайлов участкасидан 128тасида бўлиб ўтган деб ҳисобланаётган сайлов натижаларига кўра, Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП – 43та, «Миллий тикланиш» 35та ўринни эгаллади.

«Адолат» СДПнинг 21, Халқ демократик партиясининг 18 нафар номзоди парламентга ўтган бўлса, Экология партиянинг 11 аъзоси парламент депутатига айланди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид