Ўзбекистон | 10:53 / 16.03.2021
22649
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 29 нафар йўловчи Москвага учадиган самолётга қўйилмади. «Uzbekistan Airports» АЖ ҳолатга изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

2021 йил 12 март куни Самарқанд халқаро аэропортида «Самарқанд–Шереметьево» йўналишида учиши лозим бўлган 131 йўловчидан 29 нафари самолётга чиқарилмаган. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. «Uzbekistan Airports» АЖ ҳолатга муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, «Uzbekistan Airports» АЖ тасарруфида 11 та аэропорт бўлиб, уларнинг бирортасига билет сотиш ваколати берилмаган. Бундан ташқари, пандемия даврида ташкил қилинаётган чартер қатновларини қайси давлат авиакомпанияси ташкил этаётган бўлса, билетларни ҳам уларнинг ўзи сотади. Шунингдек, парвоз қилиш учун талаб қилинаётган ҳужжатларни ҳам улар назорат қилади. Шу сабабли қатновларни амалга ошираётган авиакомпания вакилига рўйхатдаги ҳужжатларни талаб даражасида тақдим этган йўловчиларгина парвоз қила олади.

Шу жумладан, 12 март куни Самарқанддан Москвага учиши лозим бўлган «Самарқанд–Шереметьево» қатновида ҳам йўловчилардан талаб қилинадиган барча ҳужжатлар «Аэрофлот» авиакомпанияси вакиллари томонидан текширилиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган.

Ўша куни Самарқанд халқаро аэропортидан Москвага учиши лозим бўлган 29 нафар йўловчи мазкур қатновни амалга ошираётган «Аэрофлот» авиакомпанияси томонидан талаб қилинган ҳужжатларни тўлиқ тақдим эта олмагани учун самолётга чиқарилмаган. Бундан ташқари, йўловчилар қўлидаги айрим ҳужжатлар сохта бўлган.

«Бу жараёнда аэропорт ходимларининг мутлақо иштирок этмаслигини, уларнинг авиачипталар савдоси, нархига ва чартер рейсларни ташкил қилишга мутлақо дахли йўқлигини маълум қиламиз. Ўзбекистон аэропортлари йўловчиларнинг учиб келиши ва учиб кетиши вақтида ўз хизматларини кўрсатади», – дейилади «Uzbekistan Airports» АЖ билдирган муносабатда.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид