Жамият | 13:39
2438
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда «кар ҳайдовчи таҳқирлангани» ҳақидаги видео саҳналаштирилгани маълум бўлди

Видеодаги уч киши ҳам жазоланган.

Самарқанд вилояти ЙҲХБ такси йўловчилари эшитиш қобилияти заиф ҳайдовчини таҳқирлагани акс этган видео юзасидан аниқлик киритиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаган ва буни тасвирга олиб майда безорилик содир этган фуқароларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси белгилангани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, аслида рул бошқарувида кар ҳайдовчи бўлмаган. 

«Уч нафар шоввоз ўзини кўз-кўз қилиб, видео видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ўринли эътирозларига сабаб бўлган», дейилади хабарда.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ҳуқуқбузарлар топилиб, уларнинг иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди.

Ушбу ҳолат юзасидан автомашина бошқарган ҳайдовчига нисбатан 8 сутка, ичида бўлган икки нафар йўловчиларга нисбатан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу автоуловни бошқарган ҳайдовчининг ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслиги, яъни транспорт воситасини меъёрий ҳужжатларсиз бошқаргани аниқланиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобил вақтинчалик жарима майдончасига олиб келиб қўйилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид