4 сотих томорқада тадбиркорликнинг 7 тури — наманганлик оилавий тадбиркор хонадонида
Оилавий тадбиркорлик яхшигина даромад манбайи эканини бугунги пандемия даврида кўпчилик ҳис этиб турибди. Инқироз томорқасидан мунтазам даромад олаётган одамларга кўп ҳам таъсир ўтказмаяпти, дейиш мумкин. Буни наманганлик Шамиль ака Ишматов хонадони мисолида ҳам кўриш мумкин.
У 7 хил йўналишда кўпчиликка ибрат қилиб кўрсатса арзийдиган ишларни амалга ошириб, шунга яраша мўмайгина даромад ҳам олмоқда.
Наманган шаҳрининг Нуробод массивида яшовчи Шамиль ака атиги 4 сотих ер майдонига эга. Тадбиркорлик салоҳиятини ишга солиб, ана шу мўъжазгина ерни барака манбайига айлантирган.
Хусусан, у кичкина бассейнларда лаққа ва сазан балиқларини парвариш қилмоқда. Ўзининг айтишича, битта бассейнда мингтагача балиқни 1 килограммга етгунча боқиш мумкин. Кейин уларни иккита бассейнга ажратиб, 2,5 килограммгача етказса бўлади. Бассейндаги сувдан эса экинларни суғориш учун «шарбат» сифатида фойдаланиш имконияти бор.
Шунингдек, қаҳрамонимиз кичкина ҳовузчада аранда балиқларини кўпайтирмоқда. Бу балиқлар жуда чиройли, яқинроқ борсангиз, дарҳол олдингизга сузиб келади, энг муҳими – асабингизни тинчлантиради ва харидорлари кўп. Битта балиқнинг тахминий нархи 100 минг сўмгача боради.
Эътиборли томони шундаки, Шамиль Ишматовнинг хонадонида ўрдак, қуён ва беданалар парвариши ҳам йўлга қўйилган. Беданалари айни пайтда 2,5 минг дона атрофида. Улардан ҳар куни тухум олинади ва харидорларга етказиб берилади. Ўрдак ва қуёнлар ҳам айни пайтда харидоргир.
Тадбиркор булар билан чекланиб қолмасдан махсус иссиқхона қуриб, у ерда павлония дарахти кўчатларини етиштирмоқда. Улар уруғидан кўпайтирилади, кейин тувакларда парвариш қилинади. Бўйи ўсгач, томорқадаги экин майдонига ўтқазилади.
Айни ўша жойда, павлония кўчатлари орасига асаларилар ҳам жойлаштирилган. Ҳозирча уларнинг 10 оиласи парвариш қилинмоқда. Қаҳрамонимизнинг айтишича, бу йил улардан 120 килограмм табиий тоза асал олинган.
Иссиқхонада, шунингдек, Калифорния ва Германия чувалчанглари боқилади. Улар ёрдамида биогомус олинади.
Тадбиркорликни йўлга қўйган дастлабки йилларида Шамиль акадан балиқ, қуён, ўрдак ёки бедана харид қилганлар озуқасини қаердан топиш мумкинлигини сўраб суриштирар эди. Шуни ҳисобга олган тадбиркор алоҳида савдо дўконини очиб, харидорларга турли хил озуқаларни ҳам етказиб бермоқда.
Дарвоқе, бу хонадонда ҳамма ишлар тежамкорлик асосида йўлга қўйилган. Жумладан, барча дарахт кўчатлари ва экинлар томчилатиш усули билан суғорилади. Эндиликда гидропоника тизими ҳам синаб кўриляпти. Яъни, тадбиркор ўсимликларни тупроқсиз муҳитда ўстиришни йўлга қўймоқда.
Шунча ишларни кўрган одам, табиийки, даромади билан қизиқади. Биз ҳам хонадон соҳибидан йиллик даромади ҳақида сўрадик. Лекин у камтарлик қилдими, ёки халқона айтганда «баракаси учмасин» дедими, ҳар ҳолда ўзингиз чамалаб олаверинг, деди. Чамалаб кўрдик ва Шамиль аканинг йиллик даромади 200 миллион сўм атрофида бўлса керак, деган тўхтамга келдик.
Аслида гап пулда ҳам эмас. Энг муҳими – тадбиркор ўзи ёқтирган ишлар билан машғул ва бу унинг хонадонига барака олиб келяпти.
Элмурод Эрматов
Мавзуга оид
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024