Жамият | 11:40 / 15.03.2018
4199
3 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг реабилитацияси билан махсус жамғарма шуғулланади

Вазирлар Маҳкамасининг 9.03.2018 йилдаги 190-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Ҳужжат Президентнинг 1.12.2017 йилдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5270-сон Фармонини бажариш мақсадида қабул қилинди. 
 
Жамғармани ташкил этишдан мақсад:

• ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш;
• уларга тиббий-ижтимоий ёрдам бериш ва реабилитация сифатини ошириш;
• протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришни модернизация қилишга ва технологик янгилашга кўмаклашиш.
 
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари:

• ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари бажарилмаганлиги учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммасининг 10%и миқдоридаги ажратмалар;
• юридик ва жисмоний шахсларнинг, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
Жамғарма молиялаштирадиган тадбирлар:

• ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, техник реабилитация воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш;
• ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, организмнинг издан чиққан ёки йўқолган функцияларини тиклаш ва уларни компенсация қилиш, ҳаёт фаолияти чекланганлигини бартараф этиш;
• мазкур шахсларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратиш;
• ногиронлиги бўлган шахслар учун йўналтирилган ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш;
• улар учун ихтисослаштирилган иш ўринларини ташкил этиш;
• протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш.
 
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши Жамғарма Кенгаши томонидан назорат қилинади. Унинг таркибига ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва кўмаклашувчи жамоат бирлашмалари вакиллари киритилади.
 
Ҳужжат 12.03.2018 йилдан кучга кирди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид