Ўзбекистон | 16:41 / 20.08.2025
10413
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштирувдан сўнг: ADWorld таъсисчиси Дилмурод Юсупов қамоққа олинди

ADWorld фирмаси Америка, Англия, Жанубий Корея ва Европанинг бошқа давлатларида ишга жойлаш ваъдаси билан юзлаб одамларни чув туширгани ҳақида ёзгандик. Тошкент шаҳар ИИББнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фирма таъсисчиси Дилмурод Юсупов эҳтиёт чораси сифати қамоққа олинган. Жабрланувчилардан Чилонзор туман ИИО ФМБ Тергов бўлимига мурожаат қилиш сўралмоқда.

Фото: Kun.uz

Лицензияси бўлмай туриб фуқароларни хорижда ишга жойлаш билан шуғулланиб келган «ADWORLD GROUP» МЧЖ иши ниҳоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар эътиборига тушди.

Kun.uz бунга қадар ADWorld ҳақида бир нечта суриштирувлар чиқарган эди. Хусусан, машҳур блогерлар ёрдамида ўзини реклама қилиб, мижозларни тўплаган фирма киши бошига салкам 6 млндан 26 млн сўмгача тўлов қилдирган, аммо бу тўловга яраша шартномавий хизматларини кўрсатмаган. Фуқаролар пулларини қайтариб ололмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилганди.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. «WORD OF MASTER» МЧЖ директори Дилмурод Юсуповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. "ADWORLD GROUP" МЧЖ фаолияти шу жиноят иши доирасида ўрганилади.

Пойтахт ИИББнинг қўшимча қилишича, ADWorld’дан жабр кўрган фуқаролар Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлимига учрашиши керак.

Аввалроқ Миграция агентлиги «ADWorld group» фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш хизматларини лицензиясиз амалга оширганини аниқлаган ва бу фирмага нисбатан 112 млн 500 минг сўмлик жарима тайинлаган эди. Жарима ихтиёрий равишда тўланмагани сабабли маблағни суд орқали ундириш ишлари бошланган.

Kun.uz билан суҳбатда фирма таъсисчиси ва бошқарувчиси бўлган Дилмурод Юсупов бу фаолият билан лицензиясиз шуғулланиб бўлмаслигини билмаганини айтганди.

ADWorld иши тармоқларда бўй чўза бошлагач, айрим блогерлар реклама сабаб ўз аудиториясининг алданиб қолишига ҳисса қўшиб қўйганидан хижолат бўлиб, улар кўрган зарарни қоплашни бошлаган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид