Хорижга виза олиш ва ишга жўнатишни ваъда қилган фирма ваъдасини бажармади. Жабрланганларнинг сўзларига кўра, ADWorld одамларни Саудия Арабистони, Сербия, Черногория, Норвегия, Уммон давлатларига ишга юборишга, юқори маош билан таъминлашга ишонтирган. Машҳур блогерларнинг ADWorld ҳақидаги мақтовлари эса ишончни мустаҳкамлаган. Шундан кейин юзлаб одамлар фирмага ўртача 15-20 млн сўм тўлаган.
Тузоқ вазифасини бажарган машҳурлар
Ўзбекистонда туриб фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш лицензия талаб қиладиган фаолият тури эканини кўпчилик яхши билса керак.
Аммо айрим шоввозлар “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида иш тутиб, юзлаб одамларга Америка, Англия, Жанубий Корея ва Европа давлатларида иш топиб беришни, энг муҳими бу давлатларнинг визасини олиб беришни ваъда қилиб, пулларни йиғиб олган.
Одамлар бу шоввозларга шунчаки ишонишмаган – уларни ишонишга “мажбурлашган”. Ўзингиз мухлис бўлган, ҳурмат қилган, таъбир жоиз бўлса, сиз ишонган машҳур одамлар ваъда бериб турганидан кейин ишонмайсизми?
Афсуски, одамлар яна алданди. Улардан бири – Черногорияга 2 ойда виза чиқариб беришларига ишонган Даврон Фахриддинов.
“Отабек, Азиз Эстет, Сариқ бола ва бошқа блогерлар орқали ADWorld’га келганмиз. Улар Черногорияга ишга 2 ойда виза чиқариб жўнатамиз, ҳаммаси қонуний, ойлиги 1800 доллардан 2000 долларгача деб, бизнинг соддалигимиздан фойдаланди. Алдов йўллари билан пулларни олди. 15 миллиондан тўлов қилгандик. Мана, 5-6 ой бўлди, ҳали виза йўқ. Пулимизни қайтиб беринг десак, қайтариш ниятлари ҳам бўлмаяпти”, – дейди Фахриддинов.
“Мен шу йил 25 март куни шартнома қилганман. Ҳозир 5-6 ой бўлиб қолди. Узоғи 2 ой деганди. Шартномада ҳам 60 иш кунида деб кўрсатилган. 1100 доллар тўлов қилганман”, – дейди бошқа бир жабрланувчи Охунжон Нурмуродов.
Нурмуродовнинг айтишича, фирма 2024 йилда одамлардан Норвегия, Сербия, Черногория, Уммон давлатларига виза учун пул олган, аммо жўната олмаган.
“Бу ҳаммаси тасодиф деб ўйлайсизми? Йўқ, бу – вилоятликларнинг пулини айлантириш. Балки уларнинг иши юришмай қолгандир, лекин шунча қоракўз кетиши керак эди. 2000 доллар тўлов қилиб, 1 йилдан бери қайтариб ололмаганлар бор”, – дейди у.
Наманганлик Акромжон Қаюмбоев ҳам алданганлардан бири. У шу йилнинг 23 мартида Уммон давлатига шартнома тузган ва 13 млн тўлаган. Фирма Қаюмбоевни Уммонда ойига 2000 доллар топишига ишонтирган.















