Ўзбекистон | 23:50 / 14.05.2018
5648
6 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш тизими такомиллаштирилади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда бугунги кунда давлат корхоналарига ўз вазифаларини тўлиқ бажариш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожлантиришга кўмаклашиш имконини бермайдиган қатор муаммолар мавжудлиги санаб ўтилган.

Қарорга кўра, давлат активларини бошқаришнинг самарадорлигини янада ошириш, давлат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг Ўзбекистон Республикасини иқтисодий, технологик ва ижтимоий жиҳатдан янада ривожлантиришдаги ролини ошириш мақсадида:

Давлат корхоналари фаолиятини ташкил этишда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш, шунингдек, давлат активларининг қийматини ва уларни бошқариш самарадорлигини оширишни кўзда тутувчи давлат корхоналарини трансформация қилиш дастурларини амалга оширишнинг халқаро тажрибаси маълумот учун қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи 2018–2020 йилларда устав фондида давлат улуши устувор бўлган давлат корхоналари ва бошқа юридик шахсларни трансформация қилиш дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилмоқда:

  • бошқарув ходимларига юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун уларнинг масъулиятини таъминловчи корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш;
  • давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш;
  • давлат корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг касбий кўникмаларини, жумладан, тегишли тармоқлар бўйича етакчи хорижий корпорациялар билан тажриба алмашинишни ташкил этиш орқали ривожлантириш;
  • давлат корхоналарини трансформация қилиш тадбирларини амалга оширишда лойиҳа бошқаруви воситаларидан фойдаланиш.

Белгилаб қўйилмоқдаки:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Дастурнинг стратегик мақсадлари ва муҳим вазифаларни аниқлаш ва тасдиқлаш, шунингдек, уни амалга ошириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишга ваколатли Лойиҳа офиси функцияларини бажаради;

Дастурнинг амал қилиши «Ўзбекнефтгаз», «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўзбекгидроэнерго», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари, «Ўзбектелеком» АК, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва АТ Халқ банкига (кейинги ўринларда – давлат компаниялари) татбиқ қилинади.

Лойиҳа офисига Дастурнинг амал қилиши муддатини узайтириш, шунингдек, унга бошқа давлат корхоналарини киритиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритиш ҳуқуқи берилади.

Белгиланмоқдаки, Дастурни амалга ошириш даврида:

  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат компанияларининг бошқарув органларини шакллантириш бўйича;
  • Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказининг давлат компанияларига нисбатан;
  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг АТ Халқ банкига нисбатан вазифа, функция ва ҳуқуқлари Лойиҳа офисига ўтказилади.
  • Лойиҳа офиси Дастурнинг ижроси бўйича ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидан мустақил равишда амалга оширади.

Лойиҳа офисига Дастурни амалга ошириш доирасида қуйидаги ваколатлар берилади:

  • Дастурга мувофиқ давлат компанияларининг ташаббусларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • давлат компанияларининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ахборотларни, шу жумладан, тижорат, банк, солиқ сирларини ва бошқа чекланган ахборотларни ўз ичига олувчи маълумотларни сўраб олиш;
  • давлат компанияларининг фаолиятини, шу жумладан, уларнинг ташаббусларини амалга ошириш нуқтаи назаридан мунтазам таҳлил қилиш;
  • корпоратив бошқарувнинг самарали тизимини бизнес-жараёнларни такомиллаштириш, асосий ишлаб чиқариш, маъмурий ва оператив жараёнларни оптималлаштириш, замонавий менежмент ва ресурсларни бошқаришни жорий қилиш орқали йўлга қўйиш.

Қуйидагилар:

  • Дастурни амалга ошириш масалалари бўйича Лойиҳа офисининг қарорлари давлат компаниялари томонидан ижро этилиши учун мажбурий ҳисобланади;
  • Лойиҳа офиси Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш сифати ва муддатлари устидан мониторинг ўтказади;

Давлат компанияларининг бюджетини шакллантириш Лойиҳа офиси билан мажбурий келишилиши лозим.

Лойиҳа офиси Дастур амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги маърузани ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим қилади.

Ўзбекистон Республикаси Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази балансидаги бинолари, иншоотлари ва бошқа моддий-техника қимматликлари билан биргаликда Лойиҳа офисига берилади.

Белгиланмоқдаки, Марказ мавжуд ваколатлари билан бир қаторда:

  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини лойиҳа бошқаруви масалалари бўйича ўқитишни ташкил этади;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳаларида малакасини ошириш бўйича махсус қисқа муддатли таълим дастурларини ишлаб чиқади;
  • лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳаларида кадрлар захирасини шакллантиради;
  • лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини сертификатлаш тизимини ишлаб чиқади ва амалга жорий этади;
  • лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидларининг халқаро ва миллий стандартлари бўйича ўқув қўлланмалар, ахборот берувчи адабиётлар ва бошқа материаллар ишлаб чиқишни амалга оширади.

Марказда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:

  • ҳар йилги қабул квоталари 40 кишидан иборат бўлган магистратура таълим дастури асосида «Лойиҳа бошқаруви» («Project management») мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосида ўқитиш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳалари бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда белгиланган намунадаги сертификатлар берилган ҳолда, махсус курслар ташкил этилади.
Тайёрлаган:  UzA Shokirjonov Shuhrat

Мавзуга оид