Ўзбекистон | 11:32 / 07.01.2026
2726
2 дақиқада ўқилади

Криминоген маҳаллаларга раҳбарлар номма-ном бириктирилади

Президент қарори билан республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва мурожаатларга тезкор муносабат билдириш бўйича манзилли ишлашнинг яхлит тизимини жорий этиш белгиланди. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қарорда 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1 ижроси доирасида маҳаллаларда жиноятчилик қарийб 1,5 бараварга камайтирилгани қайд этилиб, ушбу йўналишда ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган. 

Ҳужжатга кўра, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш, оила-турмуш муносабатлари ҳамда аёллар ва ёшлар жиноятчилигининг асл омилларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш, шунингдек, ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар бўйича мурожаатларга тезкор муносабат билдириш тизимини яратиш асосий мақсадлар сифатида белгиланган. 

Қарор билан 2026 йилда криминоген вазияти оғир маҳаллалар ва ҳудудларга масъул раҳбарлар ҳамда ташкилотларни номма-ном бириктириш тартиби жорий этилади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлигида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши, намунавий иш ташкил этган ходимларни рағбатлантириш механизми белгиланди. 

Ички ишлар вазирлигига эса бир қатор рақамли янгиликларни жорий этиш вазифалари юклатилди. Жумладан, 2026 йил якунига қадар оғзаки мурожаатларни хизмат планшетлари орқали реал вақт режимида қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш, 2026 йил 1 ноябрга қадар профилактика инспектори билан онлайн мулоқот қилиш ва хабар (фото/аудио/видео) юбориш имконини берувчи “Менинг инспекторим” мобил иловасини ишлаб чиқиш, 2026 йил 1 майга қадар E-ijtimoiy profilaktika тизимида E-nizoli oila модулини жорий этиш ҳамда судлар билан тўғридан тўғри интеграция қилиш белгиланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид