Жаҳон | 15:40 / 12.09.2025
6801
7 дақиқада ўқилади

“Бу оддий темир-терсакни қайтариш масаласи эмас” — сиёсатшунослар «Толибон» талаб қилаётган учоқлар ҳақида нима дейди?

«Толибон» АҚШ томонидан аввалги Афғонистон ҳукуматига топширилган ҳарбий учоқларни нима сабабдан талаб қилмоқда? Сиёсатшунослар фикрича, “Бу талаб ортида шунчаки техникани эмас, балки халқаро легитимликни қўлга киритиш, минтақавий босимни кучайтириш ва суверенитетни тан олдириш каби мураккаб сиёсий стратегиялар ётибди”. “Геосиёсат”да таҳлилчилар мазкур мавзу хусусида сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Толибон» нима мақсадда аввалги Афғонистон ҳукуматига берилган АҚШ учоқларини талаб қиляпти?

Жаҳонгир Акрамов: Ҳозирги вақтда Афғонистон халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган Афғонистон Ислом Амирлиги (Толибон) томонидан бошқарилмоқда. Ўзбекистон ҳудудига кириб келган Афғонистонга тегишли ҳарбий самолёт ва вертолётлар масаласи эса мураккаб халқаро ҳуқуқий ва сиёсий муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу ҳарбий техникалар асосан АҚШда ишлаб чиқарилган ва аввалги Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматига АҚШ томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган эди. Ушбу техникалар айнан ўша ҳукуматнинг мулки ҳисобланади. Ҳозирги «Толибон» ҳукумати эса ҳозирча халқаро миқёсда тан олинмаган. Шу сабабли уларнинг ҳарбий техникаларни қайтариб олиш ҳақидаги даъволари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид. Афғонистоннинг бу борадаги сиёсий ҳаракати кўплаб кузатувчилар фикрича, асосан ахборот майдонида босим ўтказишга қаратилган. Мақсад ахборотни трендга айлантириб, муҳокамалар орқали сиёсий босим кучайтириш.

Шу орқали «Толибон» ҳукуматининг асосий мақсадларидан бири минтақавий давлатлар, хусусан Ўзбекистон томонидан де-факто бўлса-да тан олинишга эришишдир. Россия ва Хитой билан бошланган мулоқотлардан сўнг улар Марказий Осиёдаги давлатлардан ҳам шундай ёндашув кутмоқда. Бундан ташқари, Афғонистоннинг ушбу ҳаракатлари Эрон ва Покистон билан мураккаб муносабатлар фонида юз бермоқда. Масалан, Эрон матбуотида ёз ойларида афғон муҳожирлари Исроил ва АҚШ ҳужумлари билан боғлиқ ҳолатларда гумон остида қолганликлари ҳақида хабарлар тарқалди. Бу эса Эрон-Афғонистон муносабатларининг совишига сабаб бўлди. Покистон билан муносабатлар ҳам ўзига хос. Покистон ҳудудида фаолият юритувчи “Теҳрик-э Толибон” каби гуруҳлар «Толибон»нинг минтақавий бўлимлари сифатида қаралмоқда. Бу ҳолат Покистон томонидан сепаратизм деб баҳоланади ва бу икки мамлакат ўртасида бир неча бор тўқнашувларга сабаб бўлган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Афғонистон ҳукумати ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтириш учун барча имкониятлардан фойдаланишга уринмоқда. Шу жумладан, хорижда қолган ёки бошқа давлатлар ҳудудига тушиб қолган ҳарбий техникаларни ҳам қайтариб олишни кўзламоқда. Аммо бу масалада Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатларини биринчи ўринга қўйиши керак. Ҳар қандай ташқи сиёсат аввало миллий манфаатларга таянади. Бу техникани топшириш халқаро миқёсда хавфли прецедент яратиши мумкин. Тарихдан маълумки, бундай ҳолатлар бошқа давлатлар томонидан ҳам талаблар шаклланишига сабаб бўлади. Худди шундай, Ўзбекистон ҳам бу масалада ўз позициясини сақлаб қолиши лозим. Ўзбекистон Афғонистоннинг дўст қўшниси сифатида унинг тинчлик ва барқарорлик сари ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, аммо бу ҳамиша ўз миллий манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилиши зарур.

Алоуддин Комилов: Умуман олганда, Афғонистонга тегишли ҳарбий самолётлар мавзуси доим муҳокамада бўлиб келган ва бундан кейин ҳам давом этиши кутилади. Бу оддий темир-терсакни қайтариш масаласи эмас, бу, асосан, сиёсий босим ва легитимлик воситаси сифатида кўрилмоқда.

«Толибон» Афғонистон ичкарисидаги ҳамда ташқарисидаги барча ҳарбий ва моддий мерос устидан суверенитет ўрнатишга уринмоқда. Бу самолётлар ҳам айнан шундай мерослардан бири сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон, Тожикистон ва ҳаттоки АҚШ ҳам, ушбу самолётларнинг қайтарилиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавфсизлик ва ҳуқуқий муаммолар ҳақида ўйлашга мажбур.

Мазкур масаланинг учта асосий стратегик жиҳатини ажратиб кўрсатиш мумкин:

1. «Толибон» нуқтайи назаридан

«Толибон» бу самолётларни ўзларига тегишли, яъни Афғонистон Ислом Амирлигининг мулки деб билади. Уларнинг фикрича, ушбу техника мамлакат чегараларини ҳимоя қилишда, айниқса ҳудудда фаолият юритаётган “ИШИД-Хуросон” каби террористик гуруҳларга қарши курашда ишлатилиши керак. Аммо амалда бу самолётлардан фойдаланиш имкони мавжуд эмас: Ғарб томонидан таъминот тўхтатилган, керакли учувчилар тайёр эмас. Яъни техник жиҳатдан уларни ишлатиш деярли имконсиз.

2. АҚШ нуқтайи назаридан

АҚШ бу самолётларни аввалги, халқаро миқёсда тан олинган Афғонистон ҳукуматига ҳимоя мақсадида берганини таъкидлайди. Улар «Толибон» ҳукуматини тан олмайди ва бу техникани қайтариш халқаро нормаларга зид эканини айтмоқда.

Агар Ўзбекистон бу техникани қайтариб берса, АҚШ ёки халқаро ҳамжамият томонидан санкцияларга учраши мумкин. Бу эса ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар учун жиддий хатар туғдиради.

3. Ўзбекистон нуқтайи назаридан

Агар Ўзбекистон бу самолётларни «Толибон»га топшира бошласа, бу амалда уларни тан олишдек талқин қилиниши мумкин. Чунки расмий ҳуқуқий асос йўқ. Қайтариш уларнинг талабларини қаноатлантириш ва суверенитетини билвосита тан олиш деганидир.

Бундай қадам «Толибон»нинг талабларини кучайтириши, дипломатик босимни ошириши мумкин. Шу билан бирга, бу ғарб билан муносабатларнинг совишига, халқаро позициямизнинг заифлашишига олиб келиши эҳтимоли бор. Бу масала оддий ҳарбий техника эмас, балки мураккаб сиёсий ва дипломатик замин билан боғлиқ. Ҳар бир қарор, айниқса, техника тақдири бўйича қабул қилинадиган қарор, нафақат Афғонистон билан, балки глобал ҳамжамият билан муносабатларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли Ўзбекистон бу масалага эҳтиёткорлик ва миллий манфаатлар асосида ёндашиши лозим.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид