16:00 / 05.07.2022
7030

ОКМК 543,9 млн долларлик экспортни амалга оширди

Фото: ОКМК Ахборот хизмати

Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан биринчи ярим йиллик натижаларига кўра, экспорт кўрсаткичлари ошиғи билан бажарилди.

ОКМК томонидан 2022 йил январь-июнь ҳолатига 543 888 000 долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, режавий вазифа 138,2 фоизга бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Маҳсулотлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак 39459 тонна мис маҳсулотлари экспорт қилиниб,  режа 115,4 фоизга уддаланган.

36907 тонна мис катоди импортёрларга юборилиб, вазифа 128,6 фоизга бажарилди.

Мис қувурлари экспортида режа 102,1 фоизга бажарилиб, 2552 тонна ушбу маҳсулот харидорларга етказиб берилган.

Рух металли экспортида 30147 тонналик натижа қайд этилган. Режа эса 131,1 фоизга бажарилган.

Кадмий металли экспортида ҳам юқори рақамлар кузатилган. Ушбу металл экспорти режаси 188 фоизга бажарилиб, 188 тонна маҳсулот импортёрларга жўнатилган.

Молибден маҳсулотлари экспортида ҳам юқори натижалар қайд этилган. Хусусан, режа 160,9 фоизга бажарилган ҳолда, 418 тонна маҳсулот харидорларга сотилган.

Ўтган биринчи ярим йилликда 13962 тонна қўрғошин концентрати экспорти амалга оширилиб, режа 151,8 фоизга бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бундан ташқари, 4398 тонна мис купороси экспорт қилиниб, режавий вазифа 106,5 фоизга адо этилган.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки ОКМК маҳсулотлари асосан Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Шунингдек, комбинат маҳсулотлари эндиликда янги бозорларга - Суринам, Кения, Австралия, Литва, Грузия, Португалия, Канада, Австрия, Испания, Финландия, Марокаш ва Сингапурга ҳам экспорт қилинмоқда.

Ушбу давлатлар асосан мис маҳсулотларини харид қилишмоқда.

ОКМК Ахборот хизмати Ⓣ

Top