“Олмалиқ КМК” АЖ Бошқарув раисининг иқтисодиёт, молия ва трансформация бўйича ўринбосари Феруза Ҳамидованинг маълум қилишича, комбинат ўтган йилги режани ортиғи билан бажарган:

“2022 йил якунлари бўйича Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг молиявий-иқтисодий фаолияти бўйича барча прогноз кўрсаткичлар бажарилди. Хусусан, тайёр маҳсулотлар сотишдан тушган тушум 30,5 трлн сўмни ташкил этиб, бизнес-режа 108,2%га бажарилди. Комбинатда маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига харажатлар 418 млрд сўм ёки 3,8 фоизга иқтисод қилинишига эришилди.

Фото: Олмалиқ кон-металлургия комбинати

Бу топшириқлар давлат раҳбарининг комбинатимизга ташрифи давомида топширилган вазифалар эди”,- деди раис ўринбосари.

Шунингдек ўтган йилда комбинат томонидан 947,5 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, прогноз 110,8%га бажарилиши таъминланди. ОКМКда ишлаб чиқарилган мис концентратларидан иборат биринчи контейнер блок поезди Болгариянинг Бургас шаҳрига юборилди.

Фото: Олмалиқ кон-металлургия комбинати

“Pricewaterhousecoopers” МЧЖ билан биргаликда “Олмалиқ КМК” АЖда операцион самарадорликни ошириш, таҳлил қилиш, тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, жорий қилишга кўмаклашиш ва ходимларнинг малакасини ошириш лойиҳаси доирасида бизнес жараёнлар диагностикаси ўтказилиши бошланиб ишлар жадал кетмокда.

Масъулларнинг сўзларига кўра, 2022 йил бошида электр таъминоти тизимида юз берган “блекаут” туфайли 25 январдан 28 январга қадар комбинат фаолиятининг тўлиқ тўхталиши, маҳсулот ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатди.

Тезкор равишда кўрилган чоралар эвазига, биринчи навбатда энг муҳим участкаларга электр токини етказиш, шунингдек, ички захираларининг ишга туширилиши ҳисобига сотиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш таъминланди. Жумладан, мис катоди ишлаб чиқариш режаси (148,5 минг тонна) 100 %га, мис сими, эмалланган сим, мис купороси режаси 100 %га бажарилди. Қимматбаҳо ва нодир металлар бўйича режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилишига эришилди. Хусусан, олтин ва кумуш ишлаб чиқариш вазифаси мос равишда 100,3 %га, аммоний перренати 132,4 %га, селен (34,5 тонна), теллур (2,8 тонна) 100,0%га, палладий кукуни режаси 183,9 %га бажарилган.