Йиғилишда, аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган стратегик лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги навбатларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, мазкур лойиҳанинг технологик давоми ҳисобланган янги мис эритиш заводини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Унда техник-иқтисодий асосни якунлаш, хорижий экспертларни жалб қилиш, қисқа муддатларда қурилиш ишларини бошлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Олмалиқ комбинатининг истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун нуфузли халқаро компанияларни жалб этиш вазифаси алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда сув таъминоти, темир йўл, энергетика инфратузилмаси, экологик талаблар ва юқори самарали технологияларни комплекс қамраб олиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда жорий йил учун тармоқда 90 та лойиҳа доирасида 2 миллиард 200 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 172,5 минг тонна мис, 120 тонна олтин, 210,5 тонна кумуш ва 8 минг тонна уран ишлаб чиқариш вазифалари белгилангани қайд этилди.

Энергетика ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган шароитда кўмир қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Аҳоли ва саноат корхоналарига кўмир етказиб бериш ҳажмини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти доирасида “Мурунтов” конини кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи, янги конларни ўзлаштириш, мураккаб рудалардан олтин ажратиб олиш технологияларини жорий этиш, шунингдек, айрим йирик лойиҳалар бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Металлургия йўналишида “Ўзметкомбинат”да ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички хомашё базасидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот турларини кўпайтириш, бозор талабига мос металл листлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада хомашё таъминоти, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва янги бозорларни ўзлаштириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Шунингдек, геология-қидирув ишларини кучайтириш, қўшимча захираларни аниқлаш, янги кон ва инвестиция блокларини инвесторларга таклиф қилиш, углеводородга истиқболли майдонларни иқтисодиётга жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Бу йўналишда жорий йилда олтин, кумуш, мис, уран ва рух захираларини сезиларли ошириш вазифаси қўйилди.


















