Ўзбекистон | 08:28 / 06.02.2020
27857
2 дақиқада ўқилади

ФВВ ходимлари учун ҳарбий ва хизмат кийим-бош намуналари тасдиқланади

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчилари ва хизматчилари учун ҳарбий ва хизмат кийим-бош намуналари тасдиқланади.

Фото: KUN.UZ

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий ва хизмат кийим-бош намуналари тасдиқланиши мўлжалланмоқда.

Қуйидагилар белгилаб қўйилади:

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда иқлим шароитига мос, чидамли ҳарбий ва хизмат кийим-бошларни тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилади;

янги намунадаги ҳарбий ва хизмат кийим-бошларни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган молиявий харажатлар бюджет ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2021 йилнинг 1 январига қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчилари ва хизматчиларини ҳарбий ва хизмат кийим-бошлар билан таъминлаш меъёрлари, ҳарбий ва хизмат кийим-бошларни кийиш қоидалари ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ҳужжатга илова қилинган тушунтириш хатида айтилишича, Ҳарбий ва хизмат кийим-бошлари намуналари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимининг генераллар, катта ва кичик офицерлар, шартнома асосидаги ҳарбий хизмат оддий аскар ва сержантлари таркибидаги ҳарбий хизматчилари учун ҳарбий, шунингдек ёнғин-қутқарувчилар учун хизмат кийим-бошлари турларига бўлинади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва хизматчилари учун ҳарбий ва хизмат кийим-бош намуналари Туркия давлатининг “MS BARER TEXTILE LLC” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Ҳарбий ва хизмат кийим-бош намуналарини ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши учун молиявий харажатлар талаб қилинмайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид