Ўзбекистон | 12:07 / 24.07.2023
19471
2 дақиқада ўқилади

«Профилактик тадбир ўтказилган» – боғчада маъруза қилаётган ички ишлар ходимлари юзасидан муносабат берилди

Ҳолат 18 июль куни Учтепа туманидаги давлат боғчаларидан бирида содир бўлган. Тошкент шаҳар ММТБга кўра, ИИО ходимларини профилактик тадбир ўтказиш учун боғча директорининг ўзи чақирган. Кейинроқ, ички ишлар ходимлари ҳақидаги маълумотни ўчириб юборган бошқарма директорлардан келаси сафар бундай тадбирларни режа асосида ва қизиқарли ўтказишни сўради.

Фото: Видеодан кадр

23 июль куни тармоқларда ички ишлар ходимлари болалар боғчасида тарғибот тадбири ўтказгани, ҳали эсини ҳам танимаган болаларга худди катталардек панд-насиҳат қилгани акс этган видео тарқалди. Унда ходимлар 3-4 ёшлар атрофидаги бир гуруҳ болаларни ота-онани ҳурмат қилишга ҳамда «оқдан қорани ажратиш»га чақирган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат берди. Маълум бўлишича, 17 июль куни Учтепа туманидаги боғча раҳбари туман ИИО ФМБ, мудофаа ишлари бўлими ҳамда «Фарҳод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига ҳамкорликда «Ҳарбийлар билан учрашув» мавзусида профилактик тадбир ўтказиш бўйича таклифнома юборган.

Таклифномага асосан, 18 июль куни боғчага тумандаги Фарҳод маҳалласига хизмат кўрсатувчи профилактика катта инспекторлари капитан Ф.Т. ва лейтенант А.А.лар келган.

“Профилактика инспекторлари боғча тарбияланувчиларига Ватанга муҳаббат, ота-она қадри ва келажакда Ватанни қўриқлайдиган мард ўғлон ва қизлар бўлиб етишишлари, боғчадан нотаниш фуқаролар билан кетмаслиги, уйини бегона шахсларга очмаслик ҳақида суҳбат ўтказиб, ўзлари билан олиб келган китоб ва ўйинчоқларни боғча тарбияланувчиларига совға қилишган”, — дейилади бошқарма изоҳида.

Шунингдек, расмий муносабатда тадбир тафсилотлари акс этган видеолавҳа ота-оналар телеграм гуруҳига ташлангани, кейин тарқалиб кетган ушбу лавҳа жамоатчилик томонидан нотўғри талқин қилингани айтилган.

Кейинроқ Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси дастлабки муносабатини ўчириб, янги таҳрирланган матн жойлади. Унда боғча болаларига «дарс ўтаётган» профилактика инспекторлари ҳақидаги маълумотлари ўчириб юборилган.

Шунингдек, бошқарма мактабгача таълим ташкилотлари директорларидан бундай тадбирларни режа асосида, болажонлар учун қизиқарли ўтишини таъминлашни сўраган.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирмади.

Мавзуга оид