Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Имомали Раҳмон Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади
Ҳужжат 2022 йил 21 июль куни Чўлпонота шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари томонидан имзоланган эди. Шу вақтда Тожикистон ва Туркманистон ўз мамлакатларида ички давлат процедураларини якунлаш зарурлигини айтиб, ҳужжатни имзолашдан бош тортганди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, ҳужжатни имзолаш маросими 28 август куни Душанбеда Қозоғистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашувдан сўнг бўлиб ўтган.
Томонлар ушбу Шартномани ҳар томонлама амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишлар «минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш ва мустаҳкамлаш омили бўлишини» таъкидладилар.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар характердаги масалалар, шунингдек, икки мамлакатнинг ушбу йўналишлардаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди. Бундан ташқари, бўлажак олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар режаси, МДҲ саммити ва Душанбедаги «Марказий Осиё - Россия» форматидаги учрашувга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
2022 йил 21 июль куни Чўлпонота шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари томонидан XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шу вақтда Тожикистон ва Туркманистон ўз мамлакатларида ички давлат процедураларини якунлаш зарурлигини айтиб, ҳужжатни имзолашдан бош тортганди.
Ҳужжатни имзолаган мамлакатлар «минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилиш», ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мажбуриятини олади.
Зарур ҳолларда томонлар ўз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдиднинг олдини олиш учун бир-бирларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ҳам олади. Бунда улар «ўзаро давлатлараро муносабатларда куч ишлатишдан ёки куч билан таҳдид қилишдан ўзини тийиши, ҳарбий иттифоқларга, блокларга ёхуд давлатларнинг аҳдлашувчи томонларга қарши қаратилган бошқа бирлашмаларига қўшилмаслик мажбуриятини олади». Шунингдек, бу давлатларнинг бирортасига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларда иштирок этмаслиги керак.
Томонлар ўзаро низоли масалаларни «фақат мулоқот доирасида тинч дипломатик йўл билан, шу жумладан, зарурат туғилганда ўзаро ҳамкорликнинг тегишли механизмларини яратиш орқали» ҳал қилади. Улар ўз ҳудуди, коммуникация тизимлари ва бошқа инфратузилмаларидан учинчи мамлакатлар томонидан бир-бирининг суверенитети, хавфсизлиги, барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказадиган тарзда фойдаланишга йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
Мавзуга оид
12:12
Венада “Марказий Осиё – Шимолий Европа” форматидаги биринчи учрашув ўтказилди
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
16:03 / 04.12.2025
Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ
22:57 / 03.12.2025