Жаҳон | 22:46 / 29.07.2025
4803
4 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Фаластин давлатини тан олади — Стармер

Агар Исроил Ғазога кўпроқ инсонпарварлик ёрдамини киритишга, Ғарбий соҳилни аннексия қилмаслик ва сулҳга рози бўлмаса, Буюк Британия сентябрь ойида Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди. «Бугун Ғазода очликдан қийналаётган чақалоқларни, оёққа тура олмайдиган болаларни кўрмоқдамиз. Бу тасвирлар умримиз давомида ёдимиздан чиқмайди», деди Британия бош вазири Кеир Стармер.

Фото: AFP

29 июль куни Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер, агар Исроил фаластинликларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида бир қатор чораларни кўрмаса, Бирлашган Қироллик сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олишга тайёрлигини маълум қилди.

Агар ушбу юридик процедура амалга ошса, Буюк Британия Франциядан кейин БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластинни расман тан олган иккинчи Ғарб давлати бўлади.

Reuters нашрининг ёзишича, бу — Исроилнинг Ғазода Ҳамасга қарши олиб бораётган урушдаги ҳаракатлари сабабли тобора кўпроқ халқаро ёлғизланаётганини акс эттиради.

Стармернинг айтишича, агар Исроил қуйидаги аниқ ҳаракатларни амалга оширса, Британия Фаластинни тан олиш қароридан қайтади:

  • Ғазога кўпроқ инсонпарварлик ёрдамини киришига йўл очиш;
  • Ғарбий соҳилни аннексия қилмасликка қатъий кафолат бериш;
  • Фаластин давлатчилигини назарда тутувчи узоқ муддатли тинчлик жараёнига содиқлигини эълон қилиш.

«Фаластин халқи даҳшатли азоб-уқубатларни бошидан кечирди. Бугун эса Ғазода — ёрдам етишмовчилиги туфайли — биз очликдан қийналаётган чақалоқларни, оёққа тура олмайдиган болаларни кўрмоқдамиз. Бу тасвирлар умримиз давомида ёдимиздан чиқмайди. Бу азоб ниҳоясига етиши керак», — деди Стармер журналистларга.

Унинг айтишича, ҳукумат сентябрь ойида Исроил ва Фаластин томонларининг бу шартларни қанчалик бажарганига баҳо беради. «Бу қарорни қабул қилишда ҳеч ким вето ҳуқуқига эга бўлмайди», — деди Стармер.

Нашрнинг ёзишича, бу қарор Стармер ўз кабинетини шошилинч равишда йиғиб, бошқа Европа етакчилари билан ишлаб чиқилаётган янги тинчлик режаси ва Ғазодаги 2,2 миллион одамга ёрдам етказиш йўлларини муҳокама қилганидан сўнг қабул қилинди.

Британиянинг аввалги британ ҳукуматлари Фаластин давлатини «тегишли вақт келганда» тан олишини айтиб келган, аммо бундай қарор учун аниқ вақт ёки шартларни ҳеч қачон белгиламаган эди.

Ғазода очлик хавфи кучайгани боис, халқаро инсонпарварлик ташкилотлари огоҳлантириш бермоқда. Шу сабабли Стармернинг Лейбористлар партиясидан бўлган кўплаб депутатлар уни Фаластин давлатини тан олишга чақириб, бу орқали Исроилга босимни кучайтиришни мақсад қилмоқда.

Айниқса, Франция Президенти Эммануэл Макрон Фаластинни 1967 йилги Яқин Шарқ уруши чоғида Исроил босиб олган ҳудудлар доирасида давлат сифатида тан олиш ниятини эълон қилганидан кейин Британия сиёсий доираларида бу муаммо авж олди.

Ғазо уруши бошланганида, ўша пайтда амалдаги мухолифат етакчиси бўлган Стармер Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ вақт ўтиши билан, хусусан бош вазир бўлганидан кейин, у Исроилга нисбатан қатъийроқ сиёсат юритишни бошлади.

Масалан, унинг ҳукумати Халқаро жиноий суд томонидан Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхуга нисбатан чиқарилган ҳибсга олиш ордерларига қарши олдинги ҳукумат бошлаб берган ҳуқуқий курашни тўхтатди. Шунингдек, Британия Исроилга айрим қуроллар экспортини ҳам тўхтатган.

Ўтган ой эса, Британия ҳукумати Исроилнинг икки радикал вазири — Итамар Бен-Гвир ва Бетсалел Смотричга нисбатан санкциялар жорий қилди. Улар Фаластинларга қарши зўравонликни очиқ-ойдин тарғиб қилганликда айбланган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид