Спорт | 18:34 / 07.04.2026
1590
3 дақиқада ўқилади

Ишчиларининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади

Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тадбиркорлар ўз ишчи-ходимлари учун спорт зали, майдончаси қуриш ва жиҳозлаш учун қилган харажатлари фойда солиғи базасидан чегирилади, жалб қилинган тренерлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.

Фото: Misha Moon

Йиғилишда ҳар бир вазир, тармоқ ва банк раҳбари, вилоят, туман ҳокими ходимлари спорт билан шуғулланиши учун ўзи намуна бўлиб, шароитларни кенгайтириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мазкур жараёнда ҳафтада бир кун спорт куни сифатида белгиланиши, бу кунда вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт машғулотлари ўтказилиши белгиланди. Агар спорт зали бўлмаса, спорт базалари ёки федерациялар билан шартнома тузиш, камида 4 та спорт тури бўйича йилига 2 марта мусобақа ташкил қилиб, ғолибларни тақдирлаш топширилди.

Жорий йилдан бошлаб ҳар йили вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика биринчиликлари ўтказилиши белгиланди.

Хусусий сектордаги меҳнат жамоаларида ҳам оммавий спортни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар яратилади.

Тадбиркорлар ўз ишчи-ходимлари учун спорт зали, майдончаси қуриш ва жиҳозлаш учун қилган харажатлари фойда солиғи базасидан чегирилади, жалб қилинган тренерлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.

«Маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация» занжири асосида аҳолини спортга жалб қилиш ва селекция бўйича янгича ёндашув жорий қилинади.

Олийгоҳ ректори, федерация раҳбарлари ва ҳокимлар ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Бунда ҳокимлар ҳудудидаги мактаб, техникум ва бошқа спорт объектларида дарсдан ташқари вақтда спорт тўгараклари ташкил қилиш учун шароит яратади.

Мутасаддиларга 9 мингта маҳаллани 26 та федерация раҳбарларига боғлаб, мактаблардаги тўгаракларни зарур спорт анжомлари билан жиҳозлаш топширилди.

Спорт йўналишидаги олийгоҳларнинг 2- ва 3-курс талабалари ярмини, 4-курсдагиларнинг эса барчасини дуал таълим билан қамраб олиб, мураббийлик қилиш учун тўгаракларга юбориш муҳим экани қайд этилди. Бундай талабаларга автоматик равишда мураббийлик сертификати берилади.

Талабалар ҳафтада уч кун олийгоҳда ўқиса, қолган кунларда ўзи бириктирилган мактаблардаги тўгаракка бориб, ёшларни шуғуллантиради. Спорт тўгаракларидаги тушумнинг 50 фоизи мураббий талабанинг ўзига берилади.

Шунингдек, дуал таълим битирувчиларига диплом билан бирга ҳакамлик сертификатини бериш ҳам йўлга қўйилади.

Умуман, Спорт вазирлиги ва ҳокимлар олдига жорий йилда янги тизим орқали спорт билан доимий шуғулланувчилар сонини 2 карра ошириб, 1 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилди.

Худди футболдаги каби «Беш ташаббус» мусобақаси ва спорт билан доимий шуғулланувчилар бўйича ҳам шаффоф, рақамлашган тизим қилиш зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида спортчи ва мураббийларнинг натижасини таҳлил қилиб, машғулотлар режасини тузадиган платформа яратиш топширилди.

Спортдаги илмий ишлар бундан кейин фақат долзарб муаммолар ечимига қаратилиб, натижаси тўғридан-тўғри амалиётга жорий қилиниши зарурлиги таъкидланди. Энди олимларнинг илмий иши натижа берса, спортчиларнинг ютуқлари кўпайса, халқаро мусобақаларда медал олиб келса, ушбу олимларга 100 миллион сўмдан мукофот берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид