Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жорий йил 5 феврал куни президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, ҳар йили апрел ойи «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.
Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Рақамлаштириш орқали имкониятлари кенгайтирилиб, экспозициялари янгиланди, жумладан, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан бойитилди.

Жумладан, музейнинг биринчи қаватида «Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси» бўлими ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва «ақлли» технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.



Давлат раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди.






















