Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аёлнинг ўрни фақат ошхонада эмас. Медиа соҳаси қотиб қолган анъаналарни тарғиб қилмоқда(ми)?
Ўзбек телевидениеси кундан кунга ранг-баранглашиб бормоқда. Уларда намойиш этилаётган турфа хилдаги телекўрсатувлар, сериал- у фильмларнинг асосий томошабини, шубҳасиз, опа-сингилларимиздир. Демак, айнан улар аудиториянинг асосий қисмини ташкил этиши инобатга олинса, телеканаллар ҳам ўз дастурларини аёлларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб бойитишда давом этиб борадилар.
Савол туғилади: телеканаллар асосий эътиборни хотин-қизларнинг талабини бажаришга ҳаракат қилишлари керакми ёки уларнинг ижтимоий ва шахсий онгини оширишга қаратишларими? Бу савол бежизга ўртага ташланмаяпти: намойиш этилаётган кўплаб миллий ва хориж сериалларида хотин-қизлар она, қайнона, уй бекаси сифатида гавдалантирилади. Рейтинги баланд кўрсатувлар ҳам айнан кулинария дастурлари эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто рекламаларда ҳам аёллар иштирок этадиган эпизодлар, кўп ҳолларда, ошхона уйғунлигида суратга олинади.
Хўш, стереотипларни мустаҳкамлаётган тв-маҳсулотлар айни вақтда ва кейинчалик жамиятга ўзининг қандай таъсирини ўтказиши мумкин? Бир қанча экспертлар бу масалада ўз фикрларини билдиришди.
“Ўзбек масс-медиа маҳсулотларида оилавий зўравонлик, хотин-қизларнинг эр ва бошқаларга тобе эканлиги тўғридан тўғри тарғиб қилинади”
Масс-медия маҳсулотларида гендер тенглигини таъминлаш имкони борми, ўзи аслида бунга эҳтиёж борми ва бунинг ҳуқуқий асослари қандай, деган саволларга гендер тенглиги масалалари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Камола Алиева жавоб берди:
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом мавжуд. Унга кўра, гендер экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш, деганидир.
Нима сабабдан масс медиа маҳсулотларини гендер экспертизадан ўтказиш керак? ТВда берилаётган сериал, фильм, кўрсатувларда қонунда кўрсатиб ўтилган жинс бўйича бевосита ва билвосита камситиш элементларини кўриш мумкин. Буни тартибга солиш учун эса тв-маҳсулотларни гендер экспертизадан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Кўплаб конференция ва ишчи гуруҳларда гендер экспертиза бўйича таклифлар билан чиққанман. Биринчиси, ҳар бир кўрсатув, телесериал, реклама, миллий киноларни эфирга узатишдан олдин гендер ёндашув асосида таҳлил қилишни таъминлаш тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш. Иккинчиси, телеканаллар қошида гендер комиссиялар ташкил этилиб, уларнинг вазифаси тв-маҳсулотларда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, жинсий камситиш ҳолатларини бартараф этиш ҳолатларига эътибор қаратишлари зарур. Бунда мутахассислар турли соҳа вакиллари бўлса, айни муддао бўларди. Учинчиси, жамиятда етакчи мавқега эга бўлган, зиёли хотин-қизлар ҳақида теле-кўрсатувлар ташкил қилиб, тарғиб қилиш зарур.
Ўзбек телевидениесида гендер дискриминацияси кузатилаётган кўплаб кўрсатувларни мисол қилиб келтиришим мумкин. Масалан, "ZO'R TV" телеканалида намойиш этилаётган "Ёр-ёр" кўрсатувида куёв ва келин қариндошлари иштирок этишади, ўзаро савол-жавоблар орқали бир-бирлари ҳақида маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилишади. Унда 3 та бошловчи келин тарафга қуйидаги мазмунда саволлар билан мурожаат қилади:
- Келинликка номзод овқат қилишни биладими?
- Уйни яхши тозалайдими?
- Болаларни яхши кўрадими?
- Телефон ишлатадими?
- Ижтимоий тармоқлардан фойдаланадими?
- Эри ишни ташлайсан, уйда ўтирасан, деса, келинликка номзод бунга кўнадими?
- Тўйдан кейин фарзандли бўлгач, ҳам уй, ҳам бола парваришларига улгура оладими?
Куёвликка номзодларга эса оилани боқиш қўлидан келиши, турмуш ўртоқликка қандай талаблари борлиги сўралади, холос. Ушбу кўрсатувда хотин-қизларни мустақил шахс сифатида ўз фикрига эга бўлмаган, доим ўзини бошқа оила аъзоларига тобе ҳисоблаши керак бўлган, ҳар доим “хўп”, деб турадиган уй бекаси, уй тозаловчи сифатида намоён этилиши аёлларнинг қадр-қиммати камситилиши, деб баҳолаш мумкин. Бу кўрсатув жамиятда гендер стереотипларини тарғиб қилишда катта рол ўйнамоқда.
“Севимли” телеканалида “Менинг қайнонам генерал” кўрсатуви ҳам узатиларди. Ҳозир унинг ўрнига “Олов келин” кўрсатуви чиқди. Лекин уларнинг йўналишлари бир-бирига яқин. “Менинг қайнонам генерал” кўрсатувида қайнона-келин муносабатлари кўрсатилган. Унда келинлар овқат тайёрлаш, барча юмушларга улгуришлари зарурлиги орқалигина идеал келин образи шакллантириб борилади. Шундай реалити шоулар жамиятда қайнона-келин муносабатларини маълум қолипга келтириб қўймайдими? Келиннинг фарзанд тарбиясидан ташқари, касбий ва шахс сифатида ривожланишига вақт ажратиши ҳам муҳим-ку.
Афсуски, бу кўрсатувда келиннинг бошқа оила аъзоларига тобелиги тарғиб қилиниб, айрим сонларида оилавий зўравонлик оқлаб ҳам чиқилган. “Келгинди келин”, “Ижарага келин”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Очиқчасига гаплашамиз” каби кўрсатувлари ҳам ушбу рўйхатни давом эттиради. Юқорида саналган дастлабки иккита кўрсатувларда шаҳарда туғилиб ўсган, жамиятда маълум ютуққа эришган хотин-қизлар қишлоққа бориб, бир кунлик келин вазифасини ўташади. Келин барча ишларни қилса, қайнонанинг гапидан чиқмаса, ғолиб бўлади. Бу билан кўрсатувда "келин - хизматкор" қотиб қолган тушунчани янада тарғиб қилишяпти.
Бундай кўрсатувларда хотин-қизларнинг қизиқишлари, ижтимоий фаоллигини ошириш умуман кўринмайди, қайнона-келин муносабатлари янада чигаллашиши келиб чиқади. Оилада аёлларнинг тобе бўлиши тарғиб қилиняпти. Сериаллардан “Пахмоқ келин” сериалини мисол келтириш мумкин. Бунда уй ишларини қилолмайдиган, эпсиз келин образи асосий рол бўлиб, бунда аёл эр ва унинг қариндошлари олдида абадий мажбуриятларга эга бўлган шахс сифатида бўлган тушунчасини кучайтиради.
Хотин-қизлар турли вазиятларда ҳар доим айбдор бўладиган Аҳад Қаюм сериалларини мисол қилиб олиш мумкин. "Аёл макри", "Сотилган номус", "Алданган қиз" ва бошқалар. Номларнинг ўзи айтиб турибди. Масс-медиа маҳсулотларида гендер тенгсизлик тарғиботи аудитория онгига қисман эмас, тўлиқ сингади. Агар хотин-қизлар маълум муваффақиятга эришган, зиёли, тажрибали инсон образида кўпроқ кўрсатилса, одамлар хотин-қизларни тўлақонли тенг ҳуқуқли шахс, деб қабул қилишни бошлашади.
“Гендер тенгликни, аслида, виждонимизга ҳавола иш, деб биламан”
"MY5" телеканали бош муҳаррири Дилшод Файз:
“MY5” телеканали формати асосан ёшлар сиёсатига, унинг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган бўлса-да, хотин-қизларнинг ижтимоий фаолиятларига оид туркум кўрсатувлар тайёрланишига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бунга мисол тариқасида “Women” аёллар дастурини келтиришим мумкин.
Унда, асосан, мамлакатимизда жамият ва давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёни, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида фаоллик кўрсатиб келаётган аёлларимиз меҳмон бўлишади, ўз ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашишади.
Хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган “Stimul” телелойиҳасини ҳам шулар қаторига киритишимиз мумкин. Бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш мавзулари “Марказий студия” информацион шоуси, “Ҳудуд” ёшлар информацион дастури, “Амирхон Умаров” шоуси ва “Марказда” сингари телелойиҳалар орқали мунтазам ёритиб келинмоқда.
“Менинг юртим” (Му5) телеканали томонидан Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг 2016-2019 йилларда бажарилган ишлар тўғрисидаги Ҳисоботда аёллар масалалари, гендер тенглик ва аҳолининг алоҳида гуруҳлари (болалар, ёшлар, қизлар, аёллар, қариялар ва бошқалар) учун мўлжалланган махсус дастурлар рўйхатида болалар учун “Чақа-чум”, “Шумтакалар”, “Жиддий болалар”, “Кичкинтой миллионер”, “Қувноқ шаҳарча”, “Хуш кўрдик кидс” каби 10га яқин кўрсатувлар, ёшлар учун “Репортёр”, “Кофе брейк”, “128 соат”, “Марказдагилар”, “Сардорлар беллашуви”, “Қалқон”каби 10дан ортиқ дастурлар, қизлар учун мўлжалланган “Келинпошша”, “Ошпазлар академияси” ва аёллар учун мўлжалланган “Топ дизайнер” “Силуэт”, “Сўнгги пушаймон”, “Стилист шоу”, “Трендда Сиз” каби телекўрсатувларнинг кўрсатилиши бугунга қадар қилинган ишларга далил бўлолади.
Телеканал тақдим этаётган видеомаҳсулотларда хотин-қизларни қайси образ: оила бекаси ёки муваффақиятли карьера эгаси сифатида тасвирлаш муҳим, деб берган саволингизга қуйидагича жавоб берган бўлардим: менимча, образ борасида чекланган ё тасдиқланган маълум бир меъёр йўқ. Муҳими, хотин-қизларимиз метин ирода эгаси, билимли, юксак тафаккур соҳибаси, ибо ва андишали шахс сифатида гавдаланса бўлгани. Аёл оила бекаси ёки муваффақиятли карьера эгаси бўладими, муҳими, бахтиёр оила бекаси бўлсин, ана шундагина у соғлом авлодни тарбиялаб беролади.
Тв-кўрсатув, фильм, сериал, рекламаларни гендер экспертизадан ўтказиш тўғрисида тартиб киритилса, бунга шахсан салбий фикр билдирган бўлардим. Тўғри, ҳаётда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир. Лекин гендер экспертизани телекўрсатув, фильм, сериал ёки рекламаларда қўлламаган маъқул. Чунки телевидение бу санъат, бунда ижод қилинади, бунда бадиийликдан фойдаланилади.
Бироқ “гендер тенглик”, деб экспертиза ўтказиладиган бўлса ёки қандайдир қоғозбозликдан иборат ҳисоботлар кўпаядиган бўлса, табиийки, бу ижодга салбий таъсир қилади. Чунки гендер тенглик, аслида, виждонимизга ҳавола иш, деб биламан. Наинки қонунлар ёки норматив ҳужжатлар, балки диний қадриятларимизда ҳам аёлларнинг ўрни ва вазифалари ҳақида алоҳида урғу берилган.
“Ўзбек телевидениеси маҳсулотларида гендер дискриминацияси маълум миқдорда учраяпти, деган фикрдаман”
Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова
“ТВда берилаётган кўрсатувлар, фильм, сериаллар, рекламаларда гендер дискриминацияси маълум миқдорда учраб турибди, деб ўйлайман. Айниқса миллий ва хорижий сериалларда, фильмларда хотин-қизлар ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатлари, гендер дискриминацияси учрайди. Масалан, сериал, клипларда бош қаҳрамонларга нисбатан камситиш, турмуш ўртоғи ва учинчи шахс томонидан зўравонлик, куч ишлатиш ҳолатлари берилади , ва айнан шу ҳолат - яъни бош қаҳрамон тақдирига аудитория қизиқишини орттириб, сериалга нисбатан ҳам қизиқиш уйғотади.
ТВда намойиш этилаётган кўрсатувлар, фильм, сериаллар, рекламалар хотин-қизларнинг жамиятдаги муносиб ўрнини белгилашда ўз таъсирини ўтказа олади. Чунки ҳалқимизда “Ўн маротаба эшитгандан бир маротаба кўрган яхши”, деб бежиз айтилмайди. Айниқса, қийин аҳволга тушган ҳотин-қизларнинг ҳаёти изга тушгани, яхши томонга ўзгаргани ва бунга стимул бўлувчи воқеалар сериал ва фильмларда берилса ёки шундай хотин-қизларни ҳаёти акс эттирилган лавҳалар мунтазам равишда тарғибот қилиб борилса, бу, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради.
Бунга аниқ мисол сифатида “Назира” миллий телесериали, “Миллатнинг фаҳрига айланган аёл” (Ўзбекистон Кахрамони Лола Муродова ҳақида) фильмини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ўзбекона менталитетимизга ва миллий қадриятларимизга зид келадиган хулқ- атворли хотин-қизларнинг образи охирги вақтда ОАВда кўпроқ берилмоқда ва бундай ҳолат ўсиб келаётган ёшлар, айниқса, кизларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаси шаклланишига нотўғри таъсир қилиши мумкин”.
Тушунарсиз ҳолат
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ушбу мавзуга ўз муносабатини билдиришини сўрагандик. Афсуски, қўмитадан ТВда берилаётган кўрсатув, фильм, сериал, рекламаларни гендер эскпертизадан ўтказиш бўйича берилган саволларга қониқарли жавоб олиш имкони бўлмади. Ушбу мавзу юзасидан Гендер комиссиясига ҳам мурожаат қилинди. Аммо ҳеч қандай маълумот ололмадик. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳукуматнинг масс медиа маҳсулотлари орқали гендер тенгсизлик тарғиботи мавзусига қизиқиши йўқ ёки бу борада чуқур тадқиқотлар олиб боришга имкони йўқ, деган хулосага келиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бутун Ўзбекистон аҳолисига яхшигина таъсир ўтказа оладиган тв-маҳсулотларда гендер тенгсизлиги очиқчасига тарғиб қилинса-ю, бунга масъуллар томонидан кўз юмилса, катта минбарларда гендер тенглигини таъминлаяпмиз, дейишдан нима фойда?
Тўғри, ТВ орқали аудиторияни тарбиялай олмаймиз. Лекин берилаётган кўрсатув, фильм ва сериаллардан аудитория маълум даражада таъсирланади, маълумот онгига жойланади ва реал ҳаётда акс этишига оз бўлса-да, сабабчи бўлади.
Одамлар онгига гендер тенгсизлик тарғиб қилинаверса, оилада зўравонликлар кўпайса кўпаядики, асло камаймайди. Биз хотин-қизлар камситилиши мавзусининг бир парчасини кўрсатдик, холос. Ҳаётда ушбу катта муаммонинг сабаблари кўп. “Бу мавзуни кўтариб нимага ҳам эришасан?” дегувчиларга шундай деган бўлардим: ўша биз-у сиз, атрофдагилар “гендер тенглиги” деб айтишни истамайдиган, гапиришларига йўл қўймайдиган мавзу замирида қанчадан-қанча опа-сингилларимизнинг тақдири ётибди. Уларнинг кейинги ҳаёти Сизни ташвишга солмайдими?
Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
08:27 / 03.01.2026
Хитойда оила сиёсатида ўзгариш: айрим маҳсулотлар учун солиқ қайта тикланди
15:43 / 27.12.2025
“Давлат таъминотидаги оила”лар учун ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади
15:26 / 27.12.2025
Ягона миллий ижтимоий ҳимоя: оилалар 3 тоифага ажратилади
19:51 / 24.12.2025