Ўзбекистон | 14:44 / 03.02.2026
2370
1 дақиқада ўқилади

Камбағаллик чегарасидаги оилалар алоҳида тоифага ажратилади

Ҳукумат қарори билан “Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, ижтимоий реестрга киритиладиган оилалар алоҳида тоифаларга ажратилади ва камбағаллик чегарасидаги оилалар мустақил тоифа сифатида белгиланди

Низомда оилаларни ижтимоий реестрга киритиш, тоифалаш ва реестрдан чиқариш тартиби аниқ белгилаб берилган. Реестрга киритиладиган оилалар “давлат таъминотидаги оила”, “камбағал оила” ҳамда “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифаларига ажратилади.

Оиланинг тоифаси унинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромадидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда охирги 3 ой давомидаги барча оила аъзоларининг жами даромади оила таркибига киритиладиган аъзолар сонига ва 3 га бўлиш орқали ҳисоблаб чиқилади.

Шунингдек, реестрга киритилган оилалар белгиланган муддатларда қайта баҳоланади: “давлат таъминотидаги оила” ҳар 12 ойда, “камбағал оила” эса ҳар 6 ойда саволнома қайта тўлдириши лозим.

Мазкур тартиб аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини аниқлаш, манзилли ижтимоий ёрдамни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид