Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«МЮ» «Тоттенҳэм»га қарши, Италияда дерби, «Барселона»да яна қийин сафар. Кун ўйинлари анонси
Фото: Getty Images
Бу йил ҳисобидан терма жамоаларга ажратилган сўнгги танаффус олдидан клублар ўртасидаги чемпионатларда муҳим тур ўйинлари бўлиб ўтади. Англияда сўнгги йилларнинг энг муваффақиятли ва энг муваффақиятсиз топ-клублари ўзаро баҳслашса, Италияда Спалетти Турин дербисида синовдан ўтади. Францияда ҳам жуда қизиқарли ўйин бор. Хуллас бу сафар ҳам зерикмаймиз.
ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (8 ноябр, 17:30)
Турнир жадвалида қўшни бўлиб турган бу икки жамоада қизиқ ўхшаш жиҳати бор. “Тоттенҳэм” охирги пайтларда ўз майдонида жуда ёмон натижалар қайд этаётган бўлса, “Манчестер Юнайтед”нинг сафар ўйинлари шунақа. Лондонликлар сўнгги бир йилда АПЛ доирасида ўтказган 20 уй учрашувининг атиги 3 тасини ўз фойдасига ҳал қилган холос. Ушбу мавсумни “Бёрнли” устидан 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан бошлаган Томас Франк жамоаси кейинги ўйинларда юта олмади. Ҳатто аутсайдер “Вулверҳэмптон” ҳам Лондондан очко олиб кетишга муваффақ бўлди. “Манчестер Юнайтед”нинг бир йилдаги сафар ўйинлари ҳам деярли шунақа кўрсаткич – атиги 4 ғалаба. Яъни ким ютишидан қатъи назар қонуниятга терс нимадир бўлади.
Бошқа серия ҳам бор – “Тоттенҳэм” сўнгги йилларда “Манчестер Юнайтед”га қарши ўзаро ўйинларда анча муваффақиятли. 2022/2023 мавсумида бошида Эрик тен Хаг бошчилигида “МЮ” “Олд Траффорд”да 2:0 ҳисобида устун келган ва бу ҳозирча “қизил иблисларнинг” охирги ғалабаси бўлиб турибди. Айниқса ўтган мавсумда “Тоттенҳэм” чин маънода “МЮ”нинг криптонитига айланиб олди. АПЛ доирасида ҳар икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган “Тоттенҳэм” ҳам Лига кубогида рақибини мусобақадан чиқариб юборди, ҳам Европа Лигаси финалида 1:0 ҳисобида ютиб, Аморим жамоасини ҳам совринсиз, ҳам Чемпионлар Лигасисиз қолдирди.
Дарвоқе, Чемпионлар Лигасидаги иштирок бу ўйинда мезбонларга ҳалақит бериши мумкин. Чунки еврокубокларсиз қолган “Манчестер Юнайтед” ҳафтада бир режимида жисмоний томондан яхшироқ кўринишини мумкин. “Тоттенҳэм” гарчи йирик ғалабага эришган бўлса-да, ҳафта ўртасида “Копангаген” билан ўйнагани мазкур учрашув учун тайёргарлик муддатини қисқартиргани табиий.
Албатта, ўйинларнинг кўпроқ экани жароҳатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. “Тоттенҳэм” мавсумни Кулушевски, Мэддисон каби етакчиларсиз бошлаган бўлса, энди бугунги лидерларни ҳам бой бермоқда. Хусусан Муҳаммад Кудуснинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Ундан ташқари, Биссума, Соланке, Бергвал каби асосий таркиб футболчиларида ҳам жароҳатлар бор. Лекин Ромеронинг қайтгани яхши хабар, зеро унинг ван дер Вейн билан жуфтлиги анча ишончли саналади. Ўтган мавсумнинг муваффақиятли тугашида ҳам, “МЮ”га қарши кечган уч баҳсда “Тоттенҳэм” ўз дарвозасини дахлсиз сақлашида ҳам бу жуфтликнинг меҳнати катта. Меҳмонлар сафида эса Коби Майну майдонга туша олмайди. У машғулотларда кичик жароҳат олгани айтилмоқда. Машғулотларга қайтган Лисандро Мартинес эса катта эҳтимол билан терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг ўйинларда иштирок этишни бошласа керак.
ЮВЕНТУС – ТОРИНО (8 ноябр, 22:00)
“Ювентус” Тудорни истеъфога чиқаргач, вақтинчалик мураббий ёрдамида “Удинезе”ни, кейин эса Спалетти билан “Кремонезе”ни мағлубиятга учратди. “Спортинг”га қарши дуранг бироз алдамчи бўлиши мумкин, зеро бу ўйинда “Ювентус” 18 дан ошиқ зарба берган ва 9 марта тўп дарвозага аниқ етиб борди ҳам. Руи Сулвининг ишончли ўйини ва туринлик ҳужумчиларнинг омадсизлиги эвазига 1:1 ҳисоби сақланиб қолинди. Шундай бўлса-да, жамоа ўйинида муаммолар ҳали тўлиқ ҳал бўлмаганини ҳам таъкидлаш лозим. Шунчаки мураббий алмашиши орқали келадиган позитив кайфият сақланиб турибди ва футболчилар аввалгига нисбатан кўпроқ ҳаракат қилаётгандек туюлмоқда. Одатда, бундай вазиятларда муваффақиятли серия ёрдамида турнир жадвалида жиддий кўтарилиш яхши туртки бўлади. Акс ҳолда жамоа яна эски кайфиятга қайтиб қолиши ҳеч гап эмас.
“Торино”га қарши ўйин мана шундай ижобий серияни давом эттириш учун яхши. Ҳам дерби, демак футболчи ва мухлисларни алоҳида чоғлантириш эҳтиёжи йўқ. Ҳам ўйин “Ювентус”нинг уй стадионида бўлиб ўтади.
Ўз навбатида “Торино” ҳам анойи рақиб эмас. Айни Барони шогирдларининг мағлубиятсиз серияси беш учрашувга етди. Рақиблар орасида “Лацио”, “Наполи”, “Болоня” каби кучли рақиблар бўлгани, “Торино” ҳатто амалдаги чемпион устидан ғалаба қозонгани ҳам мезбонларга осон бўлмаслигини кўрсатади. Шу билан бирга, гарчи “Торино” айниқса ўз майдонидаги баҳсларда “Ювентус”га муносиб қаршилик кўрсатиб келса-да, одатда меҳмон сифатида натижалар ёхши эмас. Хусусан “Ювентус” мезбон бўлган охирги 15 дербининг 12 тасини ўз фойдасига ҳал қилган. Уч учрашув эса дуранг билан якунланган.
“Ювентус” таркибидаги йўқотишларга келсак, Глейсон Бремер узоқ муддатга сафдан чиққани маълум. Шунингдек, Кабай “Виляреал”га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинида жароҳат олганди. У энди терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг майдонга қайтса керак. Меҳмонлар сафида деярли йўқотишлар йўқ. Фақат бош мураббий Марко Барони қизил карточка олгани сабабли дербида майдон четида бўлмайди.
МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛ (9 ноябр, 21:30)
“Ливерпул” бир неча мағлубиятлар билан давом этган инқироздан сўнг чиқиб олгандек. Сўнгги турда “Астон Вилла”, Чемпионлар Лигасида эса “Реал” мағлуб этилди. Ҳар икки ғалаба ҳам жуда ишончли ва йирик ҳисобда якунланиши мумкинлигини ҳам эътироф этиш керак. Аммо бошқа тарафдан, бу ўйинларда рақиблар “Ливерпул” учун аслида қулай бўлган услубда тўп сурганини ҳам унутмаслик керак. “Ливерпул”нинг қатор мағлубиятларига асосий сабаблардан бири рақибларнинг узун паслар билан ўйнагани, кўпроқ иккинчи тўплар, ўтиш лаҳзалари муҳим даражага чиққанини ҳам унутмаслик керак. Балким бир пайтлар Юрген Клопп учун бу айни муддао бўларди, аммо Арне Слот ўйинларни назорат қилишга интилади. Ўтган мавсумдаги чемпионликнинг асосий пойдевори айнан мана шу қадрият бўлганди.
“Манчестер Сити” эса аввалги Пеп жамоаларидан фарқ қилади. Айнан мослашувчанлиги билан. Масалан Манчестер дербисида жамоа қарши ҳужумда ўйнаб йирик ғалабага эришди. “Арсенал”га қарши ўйинда бутун вақтни ҳимояланиб ўтказди. Баъзи ўйинларда эса аксинча, кўпроқ тўпни назорат қиладиган ва чизиқлар орасида ўйнайдиган жамоани, яъни эски “Манчестер Сити”ни кўряпмиз. Хўш, ўз майдонида, ғалаба учун ўйнашидан келиб чиқсак, Пеп Гвардиола биринчи рақамда ўйнашни танлайдими ёки қўшнилари каби услубни танлайдими? Холанд билан иккинчи услуб ҳам анча самарали бўлиши мумкинлигини сезгандирсиз? “Ливерпул” ва “Манчестер Сити” ўйинида манчестерликлар вертикалроқ ўйинни танлайди, десак, бир неча йил олдин ишониш жуда қийин бўларди. Бунинг устига мураббий “Ливерпул”да алмашган, “Манчестер Сити”да эмас.
Чемпионлар Лигасида ҳар икки жамоа ҳам майдонга тушди, аммо “Ливерпул” ўз ўйинини бир кун олдин ўтказгани қўшимча устунлик берса керак. Аммо бошқа тарафдан “Реал”га қарши ўйин ҳам жисмонан, ҳам эмоционал жиҳатдан анча кўп куч талаб қилганини ҳам унутмаслик лозим. “Манчестер Сити” “Боруссия”га қарши ўйин тақдирини деярли биринчи таймдаёқ ҳал қилиб бўлганди. Бунинг устига айни дамда манчестерликлар сафида майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар кўпроқ экани, “Ливерпул”да эса аксинча, кўп футболчилар яхши спорт формасида эмас, ҳам жароҳатланганлар кўпроқ эканини таъкидлаш керак.
Аниқ ўйнай олмайдиганлар ичида мезбонлардан Родри ва Ковачич холос. “Ливерпул” эса Фримпонг, Алисон Бекер ҳамда Александр Исакларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди.
Жамоалар тур олдидан иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб турганидан келиб чиқсак, бу ўйин ғолиби 2-ўринни ва “Арсенал”нинг асосий таъқибчиси ролини нақд қилиб олади.
ЛИОН – ПСЖ (10 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)
Парижликлар ёзда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалигача боргач, мавсумолди тайёргарликлар кўнгилдагидек бўлмаслиги табиий эди, аммо Франция чемпионати “ПСЖ” учун шунақаки, бемалол мавсум давомида тайёргарлик ва расмий ўйинларни бирлаштириши мумкин, зеро Энрике жамоаси учун ҳақиқий мавсум баҳордан бошланади.
Ростан ҳам шундай бўляпти. Айни пайтда “ПСЖ” пешқадам бўлса-да, жуда кўп жамоалар яқиндан таъқибда экани, аксарият ўйинларда жамоа қийналаётгани сизни алдаб қўймасин – “ПСЖ”да ҳаммаси жойида. Шунчаки, Энрике бир қатор экспериментлар қиляпти ва бу муҳим паллаларда қўл келиши мумкин. Эсингизда бўлса, Энрикенинг худи шундан муносабати ўтган мавсумда ҳам кузатилган. Бир нечта вингерлар ва уларнинг ўзаро алмашинуви ёрдамида самарали услубни мураббий синай бошлаган, илк ўйинларда, айниқса, Чемпионлар Лигасида ьу панд бериб, жамоа қийин ҳолатга тушиб қолганди ҳам. Лекин кейинчалик режа ишлай бошлагач, “ПСЖ” Европанинг энг кучли жамоасига айланди.
Ҳозир ҳам Энрике баъзи ғояларни синаб кўрмоқда. Ҳатто бир пайтда 6 нафар ҳужумкор футболчи билан асосий таркибни тузган пайтлари бўлди. Ҳа, ҳозирча бу тушунарсиз, лекин ўтган йилга нисбатан фарқ бор. Энрикега бўлган ишонч кучли ва босим камайган. Мураббий ниманидир билади ва албатта ўхшайди деган фикр устивор.
Албатта, Францияда “ПСЖ”дан бошқа қизиқарли жамоалар кўп ва улардан бири “Лион” ҳисобланади. Жамоа аслида ўтган йили Европа Лигаси кашфиёти бўлиши мумкин эди, аммо “Олд Траффорд”даги драма лионликларни ярим йўлда тўхтатиб қолганини эслайсиз. Кейин эса жамоанинг банкротлиги билан боғлиқ хабарлар кўпайди, хайриятки, ҳаммаси “Лион” ва мухлислари учун кўнгилдагидек якунланди. Айни пайтда “Лион” Франция чемпионатида “ПСЖ”дан атиги 4 очко кам жамғарган ҳолда кучли олтиликдан жой олган. Европа Лигасида ҳам ишлар ёмон эмас, сўнгги турда Бетисдаги мағлубиятдан олдинги уч ўйинни ўз фойдасига ҳал қилганди. Жамоа таркибидаги Талиафико, Хатебур, Толиссо, Геззал каби тажрибали футболчиларни ҳар қандай рақиб билан чўчитиш қийин.
Афсуски, “ПСЖ”га қарши ўйинда бир қатор асосий футболчилар “Лион”га ёрдам бера олишмайди. Айниқса Малик Фофана. 20 ёшли белгиялик ҳужумчи ўтган мавсум кашфиётларидан бири бўлган ва бир қатор инглиз топ клублари назарига тушганди. Ҳатто “Ливерпул” қизиқиш билдириб, музокаралар олиб борган. “Страсбур”га қарши ўйинда Малик жароҳат олган ва яна камида икки ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Ундан ташқари мезбонлар сафида Мангаля ва Нуамада ҳам жароҳатлар бор. Шунингдек, “Лион”нинг биратўла икки футболчиси аввалги ўйинлардаги қизил карточкалар туфайли дисквалификацияга эга – Абнер ва Хатебур.
“ПСЖ”да ҳам йўқотишлар бор. “Бавария”га (1:2) қарши ўйинда парижликларнинг уч футболчиси жароҳат олди – Дембеле, Хакими ва Мендеш. Шунингдек Дезери Дуэ ҳам аввалги учрашувда шикастланганди.
СЕЛТА – БАРСЕЛОНА (10 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
Яқинда “Селта”нинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунти қизиқ пост қўйди. Қачонки жамоа бешта қаторасига ғалаба қозонсагина сочини олдиришни ваъда бериб машҳур бўлиб кетган “Манчестер Юнайтед” мухлисининг кал ҳолатдаги расмини қўйиб – “агар “Селта” мухлиси бўлганингда” деб ёзишди. Сабаби, пайшанба оқшомида Загребдаги ғалаба виголиклар учун қаторасига бешинчиси эди.
Аммо бу билан “Селта”нинг Ла Лигадаги ҳолати зўр бўлиб кетди, дейишдан йироқмиз. Чунки аслида жамоа мавсумни жуда ёмон бошлаган, юқорида эсланган ғалабали сериядан олдинги 11 ўйинда атиги битта ғалаба бор эди холос. Шунингдек, беш ғалабанинг атиги иккитаси Ла Лига учрашуви, қолгани Европа Лигаси ва Испания кубогидаги ўйинларга тўғри келади. Шундай бўлса ҳам айтиш керакки, “Селта” доим курашадиган, осонликча очко бермайдиган жамоа – Испания чемпионатидаги 7 ўйин натижаси 1:1 билан тугаганининг ўзиёқ “Селта”нинг анча ноқулай рақиб эканини кўрсатади.
Жумладан “Барселона” учун ҳам. Вигода ўтган охирги тўрт сафарининг атиги биттасида “Барселона” минимал ғалабага эришган бўлса, икки марта жанговор дуранг қайд этилган. Каталониядаги охирги баҳс ҳам эсингизда бўлса керак – меҳмонлар 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олган, якунда мезбонлар 90+8 дақиқада пеналтидан урилган гол эвазига 4:3 ҳисобида ғалабани илиб кетган эди.
Умуман олганда барча мусобақалардаги охирги уч сафар ўйинида ғалаба қозона олмаётган, ҳатто “Брюгге” майдонида аранг мағлубиятдан қутулиб қолган “Барселона” учун “Селта” анча оғир сафар бўлиши кутилмоқда.”Реал” билан орадаги фарқ 5 очкони ташкил қиляпти, демак Флик шогирдлари бу ўйинда ғалаба қозониши шарт. Акс ҳолда нафақат “Реал” ўзиб кетади, ортдан келаётган “Виляреал” ва “Атлетико” етиб олиши мумкин.
Бунинг устига “Барселона” жароҳатлардан азият чекишда давом этмоқда. Гави, Педри, Рафинядан ташқари Эрик Гарсиянинг ҳам ушбу учрашувда қатнашиши сўроқ остида. Олмо, Левандовски каби футболчиларнинг тикланганига ҳам етарли вақт ўтган бўлса-да, ҳали яхши спорт формасида эмас ва Флик яна олдинда Рэшфорд – Ферран – Ямал учлигига суянса керак. Мезбонлар таркибида Раду, Алварес ва Руедалар ўйнай олишмайди.
Ҳар икки жамоа ҳам ҳафта ўртасида еврокубокларда сафар ўйинларини ўтказишди. Фақат “Барселона” чоршанба оқшомида, “Селта” эса пайшанба куни майдонга тушди. “Селта” бу ўйинни уйда ўтказишини ҳам эътиборга олсак, бу борада имкониятлар деярли тенг.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
8 ноябр. Унион – БАВАРИЯ (19:30), Ҳамбург – БОРУССИЯ Д (19:30), МАРСЕЛ – Брест (21:00), АТЛЕТИКО – Леванте (22:30), Парма – МИЛАН (9 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), ЧЕЛСИ – Вулверҳэмптон (9 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
9 ноябр. АСТОН ВИЛЛА – Борнмут (19:00), Райо Вальекано – РЕАЛ (20:15), РОМА – Удинезе (22:00)