Англия: Фернандеш ва Каземиронинг рекордлари
«Манчестер Юнайтед» – «Астон Вилла» 3:1
Голлар: Каземиро, 53 (1:0). Баркли, 64 (1:1). Куня, 71 (2:1). Шешко, 81 (3:1)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Йоро, Шоу, Далот, Каземиро (Угарте, 90+1), Майну, Бруну Фернандеш, Куня, Диалло, Мбемо (Шешко, 75)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Мингс, Дин (Матсен, 82), Богард, Баркли (Дуглас Луис, 82), Онана, Макгинн (Бэйли, 61), Буэндия (Гарсия, 86), Роджерс, Уоткинс (Абраҳам, 60)
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 60. Йоро, 72. Магуайр, 90 – Уоткинс, 41. Буэндия, 69
Англияда «Ливерпул» ва «Тоттенҳэм» тўқнашуви кўпчилик томонидан якшанба оқшомидаги марказий баҳс сифатида қаралган бўлса-да, турнир жадвалидаги вазият жиҳатидан «Олд Траффорд»даги ўйинга ҳам эътибор катта эди. Учинчи ва тўртинчи ўриндаги бу жамоалар «Челси»нинг шанба кунги йўқотишидан фойдаланиб, олдинга чиқиб кетиш имкониятига эга эди. Аммо масъулият юқорилиги ўйиннинг томошабоплигига зарар етказди, айниқса «Астон Вилла» анча эҳтиёткорлик билан ўйнади.
Бирмингҳэмликлар жамоаси биринчи бўлимда бирорта хавфли вазият яратмади. «МЮ» эса тахминан 20-дақиқалардан ташаббусни қўлга олди ва муваффақиятли прессинг эвазига босимни оширди. Бунинг ортидан мезбонлар иккита хавфли вазиятларга ҳам эга бўлди. Биринчи ҳолатда стандарт вазиятда Магуайр тўпни Диаллога қулай қилиб ташлаб берди, аммо Мартинес бош билан узоқ бурчагига йўллаган мураккаб зарбани қайтариб қолди. Иккинчи ҳолатда эса Диогу Далотнинг қулай нуқтадан йўллаган зарбасидан кейин тўп юқорига кетиб қолди.
«Қизил иблислар» танаффусдан кейин босимни янада кучайтирди, 53-дақиқада Фернандешнинг бурчакдан узатмасини Каземиро голга айлантирди. Бразилиялик яримҳимоячи учун бу жорий мавсумдаги еттинчи гол бўлди ва у «Реал»даги фаолиятида қайд этган энг яхши натижасини яхшилади, эътиборли жиҳати бу голлардан бештасида унга Фернандеш ассистентлик қилган.
Португалиялик сардор бу орқали мавсумдаги голли узатмалари сонини 15 тага етказди ва бу борада клуб рекордини такрорлади (Бекҳэмда ҳам 1999/2000 йиллар мавсумида 15 та ассист бўлган).
Лекин ўтказиб юборилган гол «Вилла»ни уйғотиб юборди. Меҳмонлар диққатни жамлаб олди ва жиддий кураш таклиф эта бошлади. Аввалига Онана хавфли зарба берганида Ламменс ўзини кўрсатишига тўғри келди. Кейин эса узоқ чўзилган ҳужумлардан бири Баркли Диннинг қанотдан узатмасини голга айлантириши билан якунланди – 1:1.




















