Ўзбекистон | 17:43 / 11.05.2023
18582
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев масъулларга ёзда электр тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифасини юклади

Шавкат Мирзиёев раислигида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш аҳволи, ёз мавсумида энерготизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

Фото: KUN.UZ

Йиғилишда ёз ойларида электр тизимларининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, юклама ошиб кетиши натижасида уларнинг ишдан чиқишининг олдини олиш чораларини ўз вақтида кўриб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Паст кучланишли 30 минг километр электр тармоғи ва 10 мингта трансформаторни мукаммал таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш топширилди.

Бу борада март ойида Тошкент шаҳрида электр таъминотини яхшилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, бунга 4,2 триллион сўм ажратилди. Унга мувофиқ 900 километр электр тармоқлари, 230 та трансформаторни янгилаш ва реконструкция қилиш, 5 та янги подстанция қуриш режа қилинган.

Вилоятлар ҳокимларига электр ускуналари ва материаллари захираси учун эҳтиёжларни ҳисоб-китоб қилиб, ҳар бир вилоятда 10 миллиард сўмдан маблағ ажратиш топширилди.

1 августга қадар 2023 йил учун режа қилинган тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш ишларини якунига етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун вилоят, шаҳар ва туманларда 400 га яқин бригада ташкил қилинади. 

Шунингдек, мутасаддиларга иссиқлик энергия станцияларига бугунги кунга нисбатан 6 миллион куб метрга кўп газ етказиб беришни таъминлаш, 1 июлга қадар 200 минг тонна мазут захирасини яратиш топширилди. 

Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назоратини кучайтириш, электр энергияси ва газнинг ноқонуний истеъмолига барҳам бериш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилди.

Мавзуга оид