Асрорбек Эралиев ҳозирда Хитой Фан ва технологиялар университетида ядро технологиялари бўйича докторант. У аъзо бўлган илмий жамият яқинда плазма торчни 168 соатдан ортиқ узлуксиз, турғун ҳолатда ишлатиб, дунё рекордини ўрнатди. Йил бошида эса “Сунъий қуёш” деб номланган токамакни ўта юқори ҳароратда 1066 сония фаол ҳаракатлантириб, яна бир тарихий ютуқни қайд этди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у рекордларни янгилаётган тажрибалардаги иштироки, “Илм ороли”га қандай қабул қилингани, Хитойдаги таълим, плазма муҳандислиги ҳақида гапириб берди.
Асрорбек илмий фаолиятини 2017 йил Андижон машинасозлик институтида бошлаган. Автоматика муҳандислиги бўйича бакалавриат, мехатроника ва сунъий интеллектга йўналтирилган магистратура таълими унинг илмий изланишларини янада чуқурлаштирган. Магистратура даврида Италиянинг Турин политехника университетида стажировкалар ва илмий тадқиқотлар олиб борган, шу билан бирга Ўзбекистоннинг “Эл-юрт умиди” ва Италиянинг EDISU Piemonte грантларини қўлга киритган.
Хитой Фан ва технологиялар университетида докторант бўлиши эса CAS-ANSO грантини ютиши билан амалга ошган. Ушбу грант дунё бўйлаб минглаб номзодлар орасидан энг юқори илмий салоҳиятга эга талабаларни танлаб олади.
“Хитойда ўқишим бошланганидан кейинги энг катта ютуқ “Илм ороли” (Science island)га қабул қилинганим бўлди. Бу жойга тўғридан тўғри кириш имкони йўқ. Кучли танлов: тестлар, сўнг интервю босқичи бўлади. Илм ороли – Хитойдаги стратегик илмий марказлардан бири. У ерга саралаб олинадиган талабалар сони чекланган (масалан, йиллик 200 магистратура + 300 докторантура ўрни): фақат юқори академик даража, аниқ илмий мотивация, тадқиқот режалари ва юқори потенциалга эга номзодлар қабул қилинади. Мен билан интервю бўлаётган жараёнда комиссия таркибида “Илм ороли”нинг бир дивизияси директори профессор Пенг ҳам ўтирган эди. Ўша ерда илмий таклифимни тақдим этдим, улар батафсил савол-жавоб қилишди. Шундан сўнг профессор менга ўз жамоасига қўшилиш таклифини берди ва шу орқали “Илм ороли”да тадқиқотлар олиб бориш имкониятини қўлга киритдим”¸– дейди Асрорбек.
Хитой фанлар академияси тизимидаги “Илм ороли” ядро физикаси, плазма физикаси, биология, материалшунослик, сунъий интеллект каби соҳаларда тадқиқот олиб бориладиган йирик илмий ҳудуддир. Бу ерга тўғридан-тўғри кириб бўлмайди. Одатда, хорижлик талабалар CAS–ANSO Scholarship (Alliance of International Science Organizations) орқали танловдан ўтади. Саралов жараёни анча кучли бўлиб, бир неча босқичдан иборат: аввал онлайн ариза, сўнг ҳужжатлар текшируви, кейин тегишли институт томонидан интервю ёки имтиҳон бўлади. Интервюлар илмий раҳбарлар, лаборатория бошлиқлари ва профессорлар иштирокида ўтади.









