Ўзбекистон | 12:23 / 27.12.2022
15510
7 дақиқада ўқилади

Вазирлик Kun.uz'даги Японияга ишга юбориш масаласидаги суриштирувга муносабат билдирди

«Йилига ўртача 5000 нафар фуқарони япон тили ва Япония меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш тизимини ташкил қилиш режалаштирилган», дейилади вазирлик муносабатида.

Kun.uz олдинроқ Японияга ишчи юбориш соҳасида коррупцион тизим ташкиллаштирмоқчи бўлишаётгани, 2020 йилда Ўзбекистондан Японияга ишга кетиш, жўнатилиш механизми қандай ташкиллаштирилгани ҳақида мақола эълон қилганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур мақолага расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, республикада ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ янги ишчи кучи кириб келади. Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида дунёнинг ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан доимий музокаралар ўтказилиб, самарали лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.

Вазирликка кўра, 2021 йил 1 май куни вазирлик, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Япониянинг “Nippon Educational Academy” ҳамда “Япон тили ва касбий малака тест маркази” нодавлат тижорат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган:

Мазкур меморандумга асосан вазирлик тизимидаги “Ишга марҳамат” мономарказлари биноларида япон тили ва касбий малака йўналишлари бўйича дарслар ташкил этиш учун таъсисчиси ва раҳбари Дилафруз Икромова ҳисобланган “Nippon Educational Academy” ва академия таъсисчилигида ташкил этилган “Япон тили ва касбий малака тест маркази”га аудитория ва ўқув жиҳозлари бепул ажратилган. Бугунги кунда академиянинг барча мономарказлардаги ўқув хоналари ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Академия томонидан бир йилда ўртача 2500 нафар фуқарони ўқитиш имконияти мавжуд. Бу борада фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойидан вазирлик тизимидаги касб-ҳунар ўқув марказларида параллел равишда вазирлик томонидан ишлаб чиқилган дастурга асосан япон тили ва касбларга ўқитиш курслари ташкил этилди ва ОАВда мазкур ўқув курслари ҳамда Японияга ишлаш учун кетиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бериб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу ўқув курсларига 382 нафар фуқаро жалб этилган.

Шу ўринда баъзи рақамлар таҳлилини келтирсак: Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси хисобидан академияга жорий йил 1 декабрь ҳолатига 1 млрд 265 млн 228 минг сўм маблағ тўлаб берилган. Академия томонидан йўлланма асосида жами 1053 нафар (2021 йилда 302 нафар ва 2022 йил 9 ойи давомида 751 нафар) фуқаро япон тили ҳамда қишлоқ хўжалиги ишчиси ва қарияларни парваришловчи касбларига ўқитишга жалб қилинган. Шулардан 255 (2021 йилда 185 нафар ва 2022 йилнинг 9 ойи давомида 70 нафар) номзод япон тили ва касбий малака курсларини тамомлаб, уларга Япониянинг “Nippon Academy” таълим ташкилоти сертификати топширилган.

Бироқ, тингловчиларнинг 196 нафари ўқишни якунлаган, улардан 154 нафари тест имтиҳонларига жалб қилинган ва 52 нафари малака ва тил билиш сертификатларини олган. Бу умумий ўқишга йўналтирилганларнинг атиги 5 фоизини ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, фуқароларнинг танловига кўра “Nippon Educational Academy”га йўлланмалар берилиши бугунги кунда меҳнат органлари томонидан давом этмоқда ва жорий йил октябр-декабр ойларида 107 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқарога йўлланма берилган.

Жорий йилнинг 21 июль куни Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган ва Вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тўлиқ молиялаштирилган “Япония-Ўзбекистон ўртасида меҳнат муносабатлари ва касбий таълимни ривожлантириш истиқболларига бағишланган 2-меҳнат форуми”да ЖИC кўмагида Япониянинг 18 та рекрутинг ташкилоти иштирок этди ва улар томонидан Ўзбекистон меҳнат бозори имкониятларини Японияда тарғиб қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Форум доирасида 18 та рекрутинг ташкилотига ОТИТ (Япониядаги техник стажёрларни тайёрлаш тизимидаги ваколатли орган) томонидан тасдиқланган ҳамкорлик шартномаси лойиҳалари кўриб чиқиш учун тақдим этилган ва уларнинг 6 таси билан ҳеч қандай эътирозларсиз келишувлар имзоланган. Қолган 12 таси вазирлик расмийларининг Японияга кутилаётган ташрифи доирасида имзоланиши билдирилган. Бироқ, Японияга ташриф доирасида ЖИC томонидан келишув шартномаларига янги қўшимчалар киритилиши таъкидланиб, бугунги кунга қадар ушбу шартномалар бўйича таклифлар билдирилмаган.

Шунингдек, ЖИC билан умумий ҳамкорлик меморандуми имзоланган, икки томонлама учрашувда Япония давлатида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш марказини 2022 йилнинг сентябр ойида ташкил этиш бўйича келишувга эришилган. Бироқ, ҳамкор ташкилот томонидан келишувга асосан ушбу марказни Япония тартибига асосан давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан марказни жойлаштириш ва иш фаолиятини юритиш бўйича таклифлар тақдим этилмади”, — дейилади вазирлик муносабатида.

Қўшимча қилинишича, Япониядаги Ўзбекистон элчихонасининг тавсиясига биноан “Нагоя-Ўзбекистон дўстлик жамияти” билан ҳамкорликда “Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантларига кўмаклашиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази” ташкил этилган. Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йил август ойида вазирлик ишчи гуруҳи Японияда қатор йирик иш берувчи корхоналар билан музокаралар ўтказиб, 20 га яқин шартномалар имзолаган. Ушбу шартномалар асосида йилига ўртача 5000 нафар фуқарони япон тили ва Япония меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш тизимини ташкил қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, JIGA ташкилоти билан ҳамкорликда вазирлик тизимидаги таълим муассасаларига Япон мутахассисларини кўнгилли сифатида жалб қилиш чоралари кўрилган.

Вазирлик муносабатида рақобатни ривожлантириш, монополиянинг олдини олиш мақсадида япон тилини ўқитиш учун мавжуд талабларга жавоб бера олган ҳар қандай тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳам таъкидлаб ўтилган:

Интервьюда эътироз билдирилган “Йўл харита”даги “техник камчиликларда” вазирлик томонидан япон тили бўйича билимни баҳолаш юзасидан тегишли ҳамкор ташкилотлар (Прометрик) билан шартнома имзолаш, битирувчиларни япон стандартлари асосида тест синовларидан ўтказиш учун “Прометрик” ташкилотига керакли шарт-шароитларни яратиб бериш (бу тест синовларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими мутлақ иштирок этмайди) ҳамда тил билимини баҳолаш бўйича ихтисослашган марказ тизимини ташкил этиш механизмлари белгилаб берилган”.

Мавзуга оид