08:49 / 02.01.2019
25352

Магнитогорскда йўналишли таксидан уч кишининг жасади топилди. Тергов уйдаги портлаш теракт эмаслигини билдирмоқда

Фото: Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Магнитогорскда йўналишли такси кўчада портлаб кетди. Версиялардан бирига кўра, бу куни кеча портлаш юз берган уй воқеаси билан боғлиқ, деб ёзмоқда Rosbalt Челябинскнинг 74.ru порталига асосан.

Челябинск области губернатори Борис Дубровскийнинг хабар беришича, 1 январь оқшомида «Газел» йўналишли такси портлаши ва ёниб кетиши оқибатида уч киши ҳалок бўлган. Нашр уларни эҳтимолий жангарилар деб атаб, куч тузилмалари вакилларига қарата ўт очган тўртинчи шахс борлигини таъкидлаган.

«Газел»даги портлаш уйни портлатиб юборган эҳтимолий террорчиларни қўлга олиш пайтида содир бўлди», - дея хабар берган 74.ru.

Унинг маълумотларига кўра, ўн қаватли уйнинг 3-қаватидаги квартира Марказий Осиё давлатларининг биридан келган шахс томонидан ижарага олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари версиясига кўра, у шериклари билан савдо марказига террорчилик ҳужумини режалаштирган бўлиши мумкин. Билдирилишича, бу шахс уйда портловчи моддалар сақлаган.

Хавфсизлик кучлари, шу жумладан, РФ ФХХ ходимлари автомобиль портлаган жойда ишламоқда. Шаҳарнинг қатор кўчалари ёпиқ, дейилади онлайн нашр хабарида.

Шу билан бирга, полициянинг маълум қилишича, йўналишли такси «газ ускунаси ишламай қолиши» сабабли портлаган.

Бундан ташқари, қайд этилишича, Магнитогорск марказида қулаган уй вайроналари остида портловчи моддалар излари топилмади. Бу ҳақда РФ Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренконинг баёнотида айтилган.

ТҚ фожиа теракт оқибатида юз бергани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди. Иддао этилишича, портловчи моддалар бўйича мутахассислар вайроналар остини ўрганиб чиқди ва портловчи моддалар изларини топмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Магнитогорскда вайроналар остидан 11 ойлик чақалоқ тирик топилганди.

 

Top