Жаҳон | 09:17 / 05.05.2026
4136
3 дақиқада ўқилади

Хитойда фейерверк заводида юз берган портлашда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

21 киши ҳалок бўлгани, 61 киши жароҳатлангани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Хитойнинг Хунан провинциясида мушаклар ишлаб чиқарувчи заводда рўй берган портлаш оқибатида 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди ва 60 дан ортиқ киши жабрланди, деб хабар бермоқда давлат нашрлари.

«Хуашэн» заводида рўй берган портлаш душанба куни маҳаллий вақт билан соат 16:40 да, Люян шаҳрида рўй берган.

Расмийлар воқеа жойига қидирув-қутқарув ишлари ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 1,5 минг кишини юборган. Тўсилиб қолган биноларда қидирув ишлари учун роботлардан фойдаланилмоқда. Улар харобалар остида қолиб кетган етти кишини қутқаришга муваффақ бўлди.

Расмийларга кўра, завод ҳудудидаги порох сақланувчи иккита омборхона қутқарув ишлари вақтида юқори хавф манбайи бўлиб турган.

Қутқарувчилар заводдан уч километр радиусда бўлган барчани эвакуация қилишган.

CCTV телекомпанияси репортажида айтилишича, портлаш оқибатида 26 киши ҳалок бўлиб, яна 61 киши жабрланган.

Телеканал қайд этишича, жабрланувчиларнинг ёши 20 дан 60 гача, уларнинг айримлари осколкали жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Портлаш шу қадар кучли эдики, завод яқинидаги турар жой биноларининг деразалари синиб кетган, дея хабар беради CCTV мухбири воқеа жойидан қилинган репортажида.

Заводдан тахминан бир километр узоқликда яшовчи аёлнинг Beijing News нашрига айтишича, энди одамлар йўлни айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

«Уйларимиздаги ойналар синган, алюминий ромлар деформацияга учраган, ҳатто зангламайдиган пўлатдан ясалган эшиклар ҳам ағдарилган», – деди у.

Бошқа бир аёл эса ҳудудда қолишдан қўрққани учун у ерни тарк этганини айтади.

Хитой раиси Си Жинпинг фожиадан сўнг расмийларга асосий тармоқларда хавф-хатарларни текшириш ва хавфни назорат қилишни кучайтириш, жамоат хавфсизлигини бошқаришни яхшилаш, одамлар ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш бўйича топшириқ берган. У шунингдек айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган.

ОАВ маълумотига кўра, ҳолат юзасидан заводда мушак ишлаб чиқаришга масъул бўлган бир кишига нисбатан эҳтиёт чораси қўлланган.

Люян шаҳри мушакбозлик билан машҳур бўлиб, ОАВ хабарларида у дунёдаги энг йирик пиротехника ишлаб чиқарувчиси сифатида тилга олинади.

Хитойда заводлар ва мушак дўконларида портлашлар тез-тез содир бўлиб туради ва кўпинча ўлимга олиб келади. Феврал ойида Хубэй провинциясидаги мушак дўкони портлаши оқибатида 12 киши ҳалок бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид