Иқтисодиёт | 13:33 / 11.09.2025
4106
3 дақиқада ўқилади

Тимур Ишметов: Банк карталарини масофадан туриб ёпишда ҳеч қанақа муаммо кўрмаяпман

Фото: Марказий банк

11 сентябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар банк карталарини масофадан ёпиш имконияти йўқлигига доир муаммони кўтарди. Марказий банк раиси Тимур Ишметов бунда ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, у жисмоний шахслар учун миллий валютадаги карталар сонига киритилган вақтинчалик чеклов бекор қилинишини истисно этмади.

Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун миллий валютадаги карталар сонига 20 тагача чеклов ўтнатилган. Бу чеклов 2025 йил январидан бери амал қилади. Муаммо шундаки, жисмоний шахслар янги карта очиш учун номидаги карталардан бир нечтасини ёптириши керак, лекин банк картасини бир зумда онлайн очиш имкониятини берган банклар уларни масофадан ёпиш бўйича хизмат тақдим этмайди.

Тимур Ишметов банк карталарини масофадан туриб ёпишда ҳеч қанақа муаммо кўрмаётганини таъкидлади.

«Шу масала бўйича алоҳида мулоқот қилсак яхши бўлади. Ўтган йили бир йилга вақтинчалик чеклов ўрнатилганди. Ҳозир биз шунинг ўрнига комплайнс тизимини кучайтириш масаласини кўриб чиқяпмиз», деди МБ раиси.

Карталарни ёптиришдаги бюрократия

2025 йил 1 январдан 31 декабргача жисмоний шахсларнинг номидаги миллий валютада очилган карталар сони бир вақтнинг ўзида 20 тадан ошмаслиги бўйича чеклов киритилган (бунга виртуал карталар ҳам киради). Агар лимит тўлган бўлса, фуқаро янги карта очтириш учун амалдаги ҳисобварақларидан камида биттасини ёпиши керак.

Бу қарорни изоҳларкан, регуляторнинг қайд этишича, бу масала қонунчилик даражасида ҳал этилмаган ва шу сабабли баъзи фуқаролар 100 дан ортиқ картага эга бўлган ҳолатлар мавжуд. Бу – фирибгарлик ҳолатларига йўл очяпти.

Янги тартиб фирибгарлик жиноятларини қанчалик камайтиргани маълум эмас.

Kun.uz аввалроқ бу фирибгар бўлмаган оддий одамлар учун муаммо туғдираётгани ҳақида ёзганди. Чунки банк картасини ёптириш ҳамма банкларда ҳам осон жараён эмас. Мижозлар картасини мобил илова орқали онлайн блоклаши мумкин, лекин бу билан иш битмайди: ҳисобрақамни ҳам буткул ёптириш керак. Бу эса бюрократия ва оворагарчилик дегани.

Иқтисодчи, Humo тўлов тизимининг собиқ раҳбари Шуҳрат Қурбонов ҳам карталарини ёптиришда муаммога дуч келганини ёзиб, мижозларни тизимга улаш бўйича ҳамма нарса рақамлаштирилган, аммо улардан узиш, яъни ҳисобни ёпиш ишлари ҳануз 2000 йиллар бошидаги даражада қолганини таъкидлаганди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид