Ўзбекистон Марказий банки фирибгарликка қарши курашиш мақсадида бир шахсда бўлиши мумкин бўлган банк карталари сонига чеклов жорий қилган. Унга кўра, 2025 йил 1 январдан 31 декабргача жисмоний шахсларнинг номидаги миллий валютада очилган карталар сони бир вақтнинг ўзида 20 тадан ошмаслиги керак (бунга виртуал карталар ҳам киради). Агар лимит тўлган бўлса, фуқаро янги карта очтириш учун амалдаги ҳисобварақларидан камида биттасини ёпиши керак.

Регуляторнинг қайд этишича, бу масала қонунчилик даражасида ҳал этилмаган ва шу сабабли баъзи фуқаролар 100 дан ортиқ картага эга бўлган ҳолатлар мавжуд. Бу – фирибгарлик ҳолатларига йўл очяпти.

Янги тартиб фирибгарлик жиноятларини қанчалик камайтиргани маълум эмас. Шуниси маълумки, бу – фирибгар бўлмаган оддий одамлар учун муаммо туғдиряпти. Чунки банк картасини ёптириш – ҳамма банкларда ҳам осон жараён эмас.

Мижозлар картасини мобил илова орқали онлайн блоклаши мумкин, лекин бу билан иш битмайди: ҳисобрақамни ҳам буткул ёптириш керак. Бу эса, Kun.uz суҳбатдошларига кўра, бюрократия ва оворагарчилик дегани.

Муаммо давлат банкларида кўпроқ бўлиши мумкин

Касби дастурчи бўлган ва илгари банкда ишлагани учун тестдан ўтказиб кўриш мақсадида кўплаб карталар очган Жавоҳир ўнга яқин банклар билан бўлган тажрибасини Kun.uz'га айтиб берди.

— Иш давомида тест қилиб кўриш учун кўп карта очганман, улар турли банкларнинг виртуал карталари. Март ойида янги ишга ўтганимда, ойлик карта чиқариб бўлмади. Сабаби 20 тадан кўп картам мавжуд экан. Кейин Telegram'даги @CardXabarBot ва @HUMOCardBot орқали карталарим сонини кўрдим, қайси банкда нечтадан очилганига қараб ёпишни бошладим.

1. Онлайн ёпишга ҳаракат қилиб кўрдим. Қайси банк колл-марказига телефон қилсам, банк филиалига боринг, деган жавобни олдим. Фақатгина TBC'да онлайн ёпишнинг имкони бўлди.

2. Банкларга боришни бошладим. Ипак йўли банк, Алоқабанк, Капиталбанк ва KDB банкида муаммосиз, ариза билан ёпа олдим.

3. Иккита давлат банкида эса муаммоли ҳолат бўлди (Kun.uz уларнинг номларини келтирмаяпти – таҳр.): филиалга борсам: “Бу карта бизда очилмаган, бу филиалга боринг, бизда кўринмаяпти” дейишди (виртуал карталигига қарамай). Колл-марказига телефон қилганимда, картани ёпиб бўлмаслигини, картанинг амал қилиш муддати тугаса автоматик ўзи ёпилишини айтди. Лекин амал қилиш муддати тугаганда ҳисобрақам автоматик ёпилмайди. Ёпа олишмаётгани ҳақида порталга чиқдим. Кейин қайта алоқага чиқишди ва марказий офисига бориб ариза беришимни сўрашди, бу эса ноқулай эди. Бормадим, банкда карта ёптиришга хоҳишим ҳам, вақтим ҳам йўқ.