Сенат Тадбиркорлик кодексини маъқуллади
Тадбиркорлик кодексига 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари, жумладан 9 та қонун бирлаштириляпти. Кодексда тадбиркорлар «кичик», «ўрта» ва «йирик» тоифаларга ажратилади ва якка тартибдаги тадбиркорларга қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
Олий Мажлис Сенатининг 15 августдаги йиғилишида Тадбиркорлик кодекси маъқулланди.
Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ҳужжатларнинг ниҳоятда кўплиги уларни амалда қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин, бу эса тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига сабаб бўлади.
Шу нуқтаи назардан, Тадбиркорлик кодексига 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари, жумладан 9 та қонун бирлаштириляпти.
1. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун;
2. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун;
3. «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун;
4. «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун;
5. «Хусусий корхона тўғрисида»ги қонун;
6. «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун;
7. «Фирма номлари тўғрисида»ги қонун;
8. «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун;
9. «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги қонун.
Кодексда «кичик», «ўрта» ва «йирик» бизнес мезонлари орқали тадбиркорлик субъектлари тоифаларга ажратилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда, уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда (ҳозирда улар 88 та фаолият тури билан шуғулланиши мумкин).
Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни камайтириш мақсадида 38 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари кодекснинг иловасида тасдиқланган.
Рўйхатга киритилмаган барча текширувлар эса Бизнес омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилади.
Давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши белгиланяпти.
Бунда:
- молиявий санкциялар суд томонидан қўлланиди (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);
- бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига молиявий санкция ва унинг мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда, фақат молиявий санкция қўлланиди;
- биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ушбу қонунбузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, шунингдек етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланмайди.
Шунингдек, кодекс билан барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Бунда мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланиши назарда тутилган.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этиш қуйидаги тартибда бўлади:
- субсидия Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан жорий этилади, тартиб-таомиллари ҳукумат томонидан белгиланади;
- субсидияларнинг асосий йўналишлари белгиланади ва улар «ягона дарча» принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024