Иқтисодиёт | 16:54 / 21.10.2025
5287
2 дақиқада ўқилади

Доллар курси 12 минг сўмгача қулади

Валюта биржасидаги бугунги савдолардан кейин, Ўзбекистон Марказий банки АҚШ долларининг 22 октябр учун сўмга нисбатан расмий қийматини 12 011 сўм деб белгилади. Бу – “бир марталик тўғриланиш” рўй берган 2023 йил 9 августидан кейинги давр учун минимум кўрсаткич.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 22 октябрдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 49 сўмга ўз қийматини йўқотди.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет тўртинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 223 сўмга (1,81 фоиз) — 12 233 сўмдан 12 011 сўмга арзонлашди. Бу – 2023 йилнинг 9 августидан (11 664 сўм) бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.

Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида сўм 3,7 фоизга (12 352 сўмдан 12 815 сўмга) қадрсизланган эди.

Кун давомида Америка валютасини 12 045 сўмдан бошлаб сотиб олиш мумкин бўлди. 

Айни пайтда сўм курсининг мустаҳкамланишига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг барқарорлашиши ва олтин нархининг қимматлашиши фонида экспортнинг ўсиши ва савдо тақчиллигининг қисқариши каби омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид