Ўзбекистон | 17:30 / 28.02.2026
15310
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходимларини обрўсизлантиришда айбланган Асадбек Жумаевнинг қамоқдаги суратлари тарқатилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаевнинг маъмурий қамоқда жазо ўтаётгани суратлари тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар

Суратларда унинг сочи олингани ва ҳибсхонани супураётганини кўриш мумкин.

23 ёшли Асадбек Жумаев январ ойи бошида тарқатган видеоси учун ички ишлар ходимларини обрўсизлантиришда айбланиб, 10 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаяпти.

У тарқатган видеода BMW X5 ва X7 русумли иккита автомобил тўхташ ишорасини берган ЙПХ ходимларининг талабларига бўйсунмай, кетиб қолганини кўриш мумкин. Асадбек кейинчалик бу видеода ЙПХ ходимлари масхараомуз кўринганини тан олган.

Ўша пайтда унга бу ҳаракати учун тегишли моддада кўрсатилган минимал жазо – БҲМнинг 20 баравари миқдорида жазо тайинланган эди. Лекин кейинроқ Жумаев: “Бошқалар 15 сутка ўтириб чиқадиган вазиятда, мен танишларим кўплиги учун атиги ўнта минималка (жаримани 15 кунда тўлаб, 50 фоиз чегирма олган бўлиши мумкин) билан қутулиб кетдим”, деган мазмунда интервю бериб чиқди.

Интервю жамоатчилик орасида катта резонанс берганидан кейин, прокуратура суд қарорига протест киритди ва Тошкент шаҳар судининг қарори билан жарима жазоси бекор қилиниб, тегишли моддада кўрсатилган максимал санкция – 10 суткалик маъмурий қамоқ жазосига алмаштирилди.

Бу орада, январ ойи бошидаги воқеада BMW'лардан бирининг рулида бўлган 10-синф ўқувчиси кейинчалик, 25 феврал куни ЙПХ ходимини уриб кетгани – резонансни янада кучайтирди.

Жабрланган инспектор Ҳосилбек Эшназаров кеча, 27 феврал куни вафот этди. У бугун Қашқадарёда дафн этилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид