Ўзбекистон | 18:16
9783
3 дақиқада ўқилади

10-синф ўқувчиси Тошкентдаги пойга вақтида BMWда уриб кетган ЙПХ ходими вафот этди

33 ёшли кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилганди. Унинг уч фарзанди отасиз қолди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Тошкент шаҳридаги ноқонуний кўча пойгаси вақтида вояга етмаган шахс томонидан BMW M4 автомобилида уриб кетилган йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаров шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти пойтахт ЙПХ бригадаси 2-батальони 4-сафарбар гуруҳи инспектори кичик сержант Эшназаров Ҳосилбек Бекназар ўғлининг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор қилди.

“Ҳосилбек Эшназаров 2022 йилдан ички ишлар органларида фидокорона хизмат қилган. Унинг ортидан қадрли ота-онаси, суюкли аёли, 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди. Ватан ўз қаҳрамон ўғлонларини унутмайди!” – дейилади ИИВ эълон қилган некрологда.

ЙТҲ 25 феврал куни соат 21:48 ларда, Миробод туманида рўй берган.

2010 йилда туғилган, хусусий мактабнинг Дониёр исмли 10-синф ўқувчиси BMW M4 автомобилини (давлат рақами 010210OC) ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ва кўча пойгасида иштирок этаётган бўлган.

Ота-она аввал ҳам жавобгарликка тортилган

Дониёрнинг ота-онаси охирги пайтларда икки марта: аввалига 2025 йил сентябрида, кейинроқ 2026 йил январида МЖтКнинг 47-моддаси (болага тарбия бермаслик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган ва профилактик суҳбат ўтказилган.

Сентябрдаги жаримага боланинг мактабда дарс қолдиргани сабаб бўлган, жорий йил январ ойида у ўзбошимчалик билан автомобил бошқариб, қўпол равишда йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Бу қоидабузарлик видеоси интернетда тарқалган эди: йигит бошқа бир BMW автомобили билан ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ўтиб кетган.

“Сентябр ойида ўғлим Дониёр мактабга бормагани сабабли чора кўрилганди. Ундан кейин январ ойида иккинчи марта чора кўришганида ҳам қаттиқ огоҳлантириш беришган, мен билан профилактик суҳбат ўтказишганди. Шунда хулоса чиқармабмиз. Ўғлимга яхши қарамаганлигим, эътибор бермаганлигим сабаб терговнинг курсисида ўтирибмиз. Менинг лоқайдлигим оқибатида ўғлим қотил бўлиб қолиши мумкин эди”, – деганди аввалроқ ўсмирнинг отаси Зафаржон Кучкунов.

BMW M4 автомобили 2002 йилда туғилган Атадианова Лейла Бекзодовнага тегишли. У 2024 йилдан ҳозиргача камида 18 марта транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга ҳайдаш учун берган, яна 37 марта бошқа турдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган.

ЙТҲ юзасидан Миробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид