Тошкент шаҳар ИИББ репортажидан кадр

ЙПХга бўйсунмаган иккита BMW воқеасининг иштирокчиси бўлганидан “фахрланиши” ва бу ҳолатни тарқатгани учун “кичкина жарима” билан қутулиб кетганини айтган Асадбек Жумаев ўшанда 8,4 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилган. Суднинг 2026 йил 16 январдаги қарорида ёзилишича, Асадбек Жумаев 7 январ куни Instagram'даги Uzbelas ва UzbelasPerfomance саҳифаларида бир гуруҳ ҳуқуқбузарлар томонидан ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсинмай ҳаракатлангани акс этган видеолавҳани эълон қилган.

Суриштирув органи Асадбек Жумаевнинг ҳаракатини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-1-моддаси 1-қисми, яъни қонунчилик ҳужжатларини бажармасликка ёки бузишга омма олдида даъват қилиш билан малакалаган. Бундай қилмиш БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Ишни кўрган тергов судяси Ботиралибек Омонов ҳуқуқбузарнинг ҳаракати МЖтКнинг 195-2-моддаси, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото-видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш билан қайта малакалаган. Бундан ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 10 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Суд қарори билан, Асадбек Жумаев БҲМнинг 20 баравари – 8 млн 420 минг сўм жаримага тортилган.

Бош прокуратура бугун, 27 феврал куни эълон қилган баёнотга кўра, Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаев иштирокидаги видеоинтервю ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижаларига кўра, ҳолатга холис ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 2026 йил 26 феврал куни Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилиши таъминланган.