Ўзбекистон | 09:34 / 26.02.2021
23751
11 дақиқада ўқилади

«Ўзбек талабалар етакчи компанияларда ишлаш ўрнига, кундалик майда ишларга шўнғиб кетади» — Варшавадаги университет ўқитувчиси билан суҳбат

Kun.uz'нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукни ва Uzbek.Life лойиҳасининг бу галги меҳмони – Польшада яшаб келаётган ҳамюртимиз Жасур Бобоев. Варшава Вистула академияси докторанти ушбу академияда молия-бухгалтерия ўқитувчиси сифатида ишлаб келмоқда.

Асли хоразмлик Жасур Бобоев, 2003–2007 йилларда Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида, Бизнесни бошқариш йўналишида таҳсил олган. Шундан сўнг айни университетда маркетинг бўлимида фаолият юритган, шунингдек, Вестминстер университетига тайёрланадиган абитуриентларга инглиз тилидан дарс берган.

Унинг хориждаги саргузаштлари, ўзининг айтишича, 2010 йилдан бошланган.

«2007 йилда, Вестминстер университетини тугатгандан кейин 2 йилча айни университет маркетинг бўлимида фаолият олиб бордим ва бир пайтнинг ўзида у ерда ўқувчи ёшларга Вестминстер университетига тайёрлов курсларида инглиз тилидан дарс бердим.

2010–2012 йилларда Жанубий Кореянинг Сежонг университетида АҚШдаги Сиракуз университети (Syracuse University) билан ҳамкорликда очилган MBA магистратура бўлимида таҳсил олдим. MBAдаги ўқишимиз анча қизиқарли эди. Домлалар асосан АҚШлик ёки АҚШда кўп йиллар таҳсил олган кореяликлар эди.

У ерни 2012 йилда аъло баҳоларга тугатдим (GPA 4,25/4,5). Шу йили MBA тугатганлар орасида энг кучли 10 фоизликка кирганим сабабли нуфузли Beta Gamma Sigma жамиятининг доимий аъзосига айландим», – дейди Жасур Бобоев.

— Кимдир мавжуд ҳолатдан қониқмай, кимдир юрт кезиб карьера қилиш, яна кимдир ўқиб-ишлаб ватанга қайтиш, кимдир эса пул қилиш учун кетганини айтади. Сиз учун хорижда ўқиш ва ишлаш нима?

— Университетда ўқир ва ишлар эканман, ҳар доим чет элга бориб ўқиш ва билим-кўникмалар орттиришни орзу қилардим. Менимча, ҳаммада, айниқса, ёшлар орасида ҳар доим чет элда ўқиш ва ишлаш бўлмаса ҳам, энг камида бориб кўриш орзуси бўлади.

Чет элга чиқишимга асосий сабаб, албатта, чет элда ўқишга бўлган катта қизиқиш эди. Вестминстер университетида чет элда таълим олиб келган ва чет эллик устозларимиз кўп бўларди. Албатта, қўшимча равишда хорижда иқтисодий имкониятларнинг ҳам кўплиги одамнинг қизиқишини янада орттиради.

Хорижда ўқиш ва ишлашни бир-биридан ажратиш зарур, менимча. Ўқиш анча қизиқарли ўтади. Ҳар хил қизиқарли дарслар, ўқитувчилар билан баҳс-мунозаралар, турли давлатлардан келган талабалар билан турли-туман машғулотлар – булар ҳаммаси қизиқарли.

Хорижда ишлаш бироз мураккаб бўлади ва бу қийинчиликлар орасида, менимча, энг муҳимлари булар: маданиятлар фарқлилиги ва маҳаллий тилни жуда яхши даражада билмаслигингиз.

Инглиз тили кундалик муомала учун муҳим ва инглиз тилисиз одатда чет элда на ўқиш, на ишлаш мумкин. Лекин маҳаллий тилни билиш вақт ўтган сайин биринчи ўринга чиқа бошлайди. Менимча, ҳар қандай давлатда ҳам маҳаллий тилни жуда яхши биладиган хорижликларга муносабат ижобий маънода анча юқори бўлади.

— Жанубий Кореядан Польшага кўчишингиз қандай рўй берган? Бу ерда ҳозир қандай фаолият билан шуғулланасиз?

— Кореяда ўқишимиз MBA йўналишида эди. Асосан чет эллик талабалар билан ўқидим. Шу сабабдан корейс талабалар билан яқиндан танишиш имконияти бўлмади.

Польшада эса аввал молия ва бухгалтерия ҳисоби бўйича магистратурада ўқидим ва энди докторантурада давом эттиряпман. Асосан, тўлиқ иш штатида ишлаганим учун ҳам PhD даражасини олиш анча чўзилиб кетяпти.

Мен Польша пойтахти Варшава шаҳридаги Вистула Бизнес ва молия академиясида 2015 йилдан бери фаолият юритиб келаман. Бу таълим масканида асосан молия ва бухгалтерия соҳасидаги фанлардан дарс бераман. «Бухгалтерияга кириш» (Introduction to Accounting), «Молияга кириш» (Introduction to Finance), «Корпоратив молия» (Corporate Finance), «Молиявий бухгалтерия» каби дарслардан сабоқ бераман.

Вистула университети талабалари – асосан чет элликлар. Бу университет Польшадаги нуфузли Perspektywy журнали рейтингига кўра мамлакатдаги энг нуфузли халқаро университетлардан саналади.

Айни пайтда, Вистула университетида халқаро алоқалар бўлимида Эрасмус ва Ташқи алоқалар бўйича координатор вазифасида ҳам ишлайман. Эрасмус дастури доирасида талабалар асосан Европа Иттифоқидаги ҳамкор университетларимизда бир ёки икки семестр стипендия асосида таълим олишлари ва ёз таътилида пуллик стаж қилиш имкониятига эгалар.

Қўшимча равишда, Эрасмус+ дастури доирасида университетимиз ўқитувчилари ва ишчилари бир ҳафталик меҳнат сафарларига ҳам жўнатилади. Бу доирада Эрасмус бўлимимиз ҳар йили бир пайтнинг ўзида ярим миллион еврога яқин лойиҳаларни амалга оширади.

Аслида, Эрасмус+ дастури доирасида университетимизда бошқа жуда кўп лойиҳалар амалга оширилади.

Шу жиҳатдан, Эрасмус дастури – жаҳондаги энг йирик таълим дастурларидан бири. Дастурнинг муваффақиятидан келиб чиқиб, Европа Иттифоқи яқинда қабул қилган 2021–2027 йиллар учун бюджет режасида Эрасмус+ дастури учун ажратилган маблағни ўтган етти йилги режадан 60 фоизга кўпроқ қилиб, 25 миллиард еврога чиқарди.

— Ўзбекистон билан иш юзасидан алоқаларингиз борми?

— Олий таълимда интернационализация ҳозирги кунда энг долзарб мавзулардан бирига айланиб бўлди. Интернационализация – университетлар учун таълим сифатини ошириш, талабалар ва ўқитувчиларнинг билим ва кўникмалар орттириши ва таълимда муваффақиятли, синовдан ўтган жаҳон тажрибасини ўзлаштиришида катта аҳамиятга эга.

Интернационализациянинг энг муҳим йўналишларидан бири – хориждаги университетлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш. Бу ҳамкорлик доирасида талаба ва ходимларни айирбошлаш, конференциялар уюштириш ва ҳар хил лойиҳаларга қўл уриш мумкин.

Бу доирада жуда катта имкониятлар бор. Халқаро ҳамкорлик – ҳозирда ОТМлар бефарқ бўлмаслиги шарт бўлган масалалардан бири ҳисобланади. Масаланинг муҳимлигини Польша мисолида олсак, бу ердаги университетларда интернационализация масалалари билан шуғулланувчи бўлим ва проректор фаолияти йўлга қўйилган.

Ўзим оид бўлган интернационализация ва халқаро алоқалар масаласида Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз ҳалигача йўқ, афсуски. Ўзбекистондан бир-икки таклифлар бўлди, лекин таклиф қилинган соҳалар бизга яқин бўлмагани учун қабул қила олмадик.

Кузатишимча, охирги пайтларда халқаро ҳамкорлик мавзусида Марказий Осиёда Қозоғистон университетлари анча фаол ҳаракат қилишмоқда. Вистула университетининг Қозоғистондаги 5 та университет билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Шулардан иккитаси билан мунтазам талаба алмашиш дастуримиз бор.

— Фаолиятингиз давомида талабалар билан ишлайсиз. Чет эллик ёки поляк талабалар ва ўзбек талабалар ўртасида қандай фарқларни кузатгансиз?

— Охирги пайтларда Вистула университетида ўзбек талабалари сони ҳам ортиб боряпти. Ҳозир бизда 500 га яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Яъни ўзбек талабаларини Польшада ҳам яқиндан кузатиш имкониятига эгаман.

Польша иқтисоди – Европа Иттифоқидаги энг динамик иқтисодлардан бири. Бу давлатда талабалар ва битирувчилар учун жуда кўп иш имкониятлари бор. Кўплаб халқаро компаниялар Польшада сарф-харажатлар Ғарбий Европадан камроқлиги ва малакали кадрлар кўплиги учун ўз фаолиятларининг бир қисмини бу ерга трансфер қилишган.

Кузатишимча, бизнинг ўзбекистонлик талабалар ана ўша ривожланаётган компанияларда карьера қилиш ўрнига, ўқишни чала-чулпа қилиб, кундалик майда ишларга шўнғиб кетишган. Ўзбек талабалар бошқа кўпчилик давлатлардан келган талабалардан шу жиҳати билан фарқ қилишини кузатиш мумкин.

Аслида, ўқишга ҳам эътибор бериб, айни пайтда моддий эҳтиёжлар учун қилаётган ишларини ҳам давом эттирсалар бўлади.

— Польша нимаси билан талабалар учун қулай деб ҳисоблайсиз?

— Польша таълим масканларида сифатли таълим берилишига алоҳида урғу берилади. Университетларда дарс берадиган домлалар катта билим ва салоҳиятга эга. Шу сабабдан талабалар сифатли таълим олишлари учун тез машҳур бўлиб кетаётган жойлардан бири Польша бўлиб қолмоқда.

Юқорида ҳам айтганимдек, Польша – динамик иқтисодга эга давлат. Бу дегани талабалар учун ҳам, битирувчилар учун ҳам кенг иш имкониятлари бор.

Польша 2017 йилдан бери ишчи кучига катта эҳтиёж бўлгани сабабли талабаларга ҳам тўлиқ стажли (full-time) ишлаш ҳуқуқини берди. Бу томонлама қараганда ҳам Польша олий таълим олиш учун муҳим маскан бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, бошқа Европа давлатларига нисбатан яшаш харажатлари Польшада анча ҳамёнбоп. Русча биладиган талабаларимиз славян тиллари гуруҳига мансуб поляк тилини қисқа муддатда ўрганиб олишлари мумкин.

— Хориждаги бир неча йиллик ҳаёт сизга нима берди?

— Хорижда ҳаёт берадиган энг катта туйғу бу – ватан соғинчи. Чет элда яшаш инсонни ҳар томонлама тоблайди, десам хато бўлмайди. Яқинларидан узоқда, ёт инсонлар орасида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиш натижасида инсон анча улғаяди, ҳаётга анча жиддий ва теран назар билан қарайдиган бўлади.

Янги билим ва кўникмаларга эга бўлади. Ҳар хил маданият ва дунёқарашларга эга, турли-туман халқлар ва динларга мансуб одамлар билан яшаш ва ишлаш натижасида дунёга бошқача, кенг назар билан қарашни ўрганади.

— Хорижда ўқимоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳат берасиз?

— Ўз тажрибамдан ва кўрган-кечирганларимдан келиб чиққан ҳолда талабаларга бир нечта маслаҳатлар берган бўлардим.

Биринчиси, бу авваламбор инглиз тилини чуқур ўрганиш. Шунчаки амаллаб ўқишни битирадиган даражада эмас, балки кундалик ва профессионал ҳаётда бемалол ишлата оладиган даражада билиш зарур. Кейинчалик борган жойларида маҳаллий тилни ҳам яхшилаб ўзлаштириш лозим. Бу уларга кенг имконлар эшигини очади.

Иккинчидан, Европа университетларида бизда бўлмайдиган стаж, ҳар хил курслар ва талаба айирбошлаш имкониятлари бўлади. Баъзан Вистула университети пуллик стаж учун талаба ахтариб тополмаганига гувоҳ бўлганман. Талабаларимиз бундай имкониятлардан унумли фойдаланишлари керак.

Одатда, пуллик стажировкалардан кейин компаниялар талабаларга ишлаш имкониятини ҳам таклиф қилади.

Шу билан бирга, албатта, дарсларига эътибор бериб яхши ўқишлари керак.

Маҳаллий тилни яхши ўзлаштирган ва маҳаллий маданиятдан хабардор талабалар келажакда Ўзбекистон билан хориж давлатлари орасида муҳим иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни йўлга қўйишда катта рол ўйнашларига ишонаман.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид