
Ҳурматли ота-оналар, агар фарзандингизни чет элга ўқиш учун юборган бўлсангиз, улар каттароқ бир стипендияни қўлга киритгунига ёки бўлмасам, ўқишини битириб, ишга жойлашиб олмагунига қадар, фарзандингиздан пул юборишини талаб қилманг. Нафақат талаб қилиш, умид ҳам қилманг. Четда ўқийдиган фарзандларингиз олтин тухум туғадиган товуқ эмас.
Уларнинг мутлақ кўпчилиги контракт суммаларини ишлаб топади, шу билан бирга яшашлари учун ҳам ишлашлари керак бўлади. Талаба сифатида дам ҳам олишлари лозим ахир!
Кўпчилик ота-оналар ва оила аъзолар буни тушунишмайди – улардан пул жўнатмаларини кутишади, уйлар, машиналар олишни, тўйлар қилишни исташади. Ҳатто, бу ойда юборилган пул ўтган ойдан сал камроқ бўлса, “ўғилтой, бу сафар сал чўғи камми-а?” дея ҳазил аралаш дакки бериб қўйишни ҳам канда қилишмайди.
Нодон ота-оналар, ака-укаларнинг илм йўлида сафарга чиққан талабага муносабатини кўриб, дод деб юборгинг келади. Ахир улар ўқишга кетишган! Мардикорлик қилиш учун эмас!
Ишлади ҳам дейлик, якуни нима бўлади? Ўқиш қоғозда қолади, ҳунар ҳам ўрганолмайди, чунки ҳунарли жойларни ҳеч бир халқ бегонага бермайди. Ўзим гувоҳи бўлганман.
7-8 йилдан кейин нима бўлади? Йигит, қизнинг тақдири нима бўлади? Катта эҳтимол билан бири таксист, бошқаси сотувчи, жуда омади келгани қурувчи бўлиб қолади. Ривожланган мамлакатга ўқишга бориб...
Талаба – закот олишга ҳақли инсон... Ҳа, камбағалларга бериладиган закотни талабага берса бўлади. Биз эса талабани юк ортиладиган жонивордек тутамиз.
Шошқалоқмиз, нодонмиз. Ахир, ўқиб, мутахассис бўлиб етишса фарзандимиздан кўпроқ манфаат кўрамиз, нафақат биз – жамият манфаат кўради. Фақат бу учун талабага муҳлат бериш керак, ўқиб, потенциалини юзага чиқарсин. Шундан кейин, ҳурматли ота-оналар, бир умр унинг топганидан роҳатланасиз ҳам. Унгача сабр билан кутиш, иложи бўлса, ёрдам бериш лозим.
Хориждаги талабалар орасида эрта ёшдан бутун юкни елкасига олиб, тезда қариб қолганларни кўрдим... Бечоранинг ҳатто касал бўлишига ҳам ҳаққи йўқ. Чунки ҳасталанса, бутун ҳаёти издан чиқиб, ишлари оғирлашади. Бундай руҳий босим билан ўқиш, ишлаш ва яшаш уларда жиддий психологик муаммоларни келтириб чиқаради.
Хулосалар
— Аксарият ўзбекистонлик талабалар уйим-жойим, отам-онам дейдиган йигит-қизлардир, буни суиистеъмол қилмаслик керак. Фарзандингиз ўқишини тамомлаб, яхши маошли ишга кириб, қўлига пул тушгунича сабр-тоқат билан кутиш керак. Тезда қариликни бўйинга олмай, ота-она сифатида ишлашда давом этинг, пул топинг. Шунда жисмингиз соғлом туради, тез қаримайсиз. Масалан, 60 ёшдан ўтиб менинг отам ҳалигача мол боқади, асаларига қарайди, фермер хўжалигини юритади. Профессорнинг отасиман дея менга ўзини буткул ташлаб, уйда ётишга ҳақи бор жойда, орияти кучли бўлгани учун, ўз кучи билан яшашга интилади.













