Илк ютуқ

Ҳаммаси Тошкентнинг Хондамир маҳалласидаги “Ором” гимназиясидан бошланади. Абдуворис Эски шаҳардан узоқроқ мактабга қатнаб ўқиркан, 2009 йилда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) қошида очилганига кўп бўлмаган академик лицей ҳақида эшитади. Унга ўқишга киришга тайёрланади ва катта рақобатда ютиб чиқиб, топ 150талик кучли ўқувчилар сафига киради.

У лицейда жуда кўп билим ва кўникма тўплагани, “катта мақсадлари бор, интилувчан, тиришқоқ” тенгдошлар қуршовида таълим олганини фахрланиб эслайди. Олдига катта мақсадлар қўйган Абдуворис лицейда учинчи курсда таҳсил оларкан, параллел равишда ТХВУнинг “foundation” (бакалавриатнинг биринчи йили) босқичида ўқиш имкониятини ҳам қўлга киритади. Бу – жуда кўплар орзу қиладиган натижа эди.

1-маслаҳат: Мақсади бор ва ўзингиздан билимлироқ одамлар қуршовида бўлинг, улар сизни фақат олдинга етаклайди.

Бизнес ва IT кесишмасидаги мутахассислик

Абдуворис Вестда BIS (Business Information Systems) – ўзининг таърифлашича, бизнесни бошқариш ва компютер илми ўртасидаги соҳа – бўйича ўқий бошлайди. Университетдаги “эгилувчан” дарс жадвалларининг шукрини адо этиб, ортиб қолаётган бўш вақтида ярим ставка ишлар ёки стажировкалар топиш ҳаракатига тушади.

Бир нечта жойга бориб кўргандан кейин, деканат тавсияси билан Ўзбекистон электрон ҳукуматни ривожлантириш марказига боради. У ердаги раҳбар Абдуворис ва унинг дўстларига марказда ишлаб кўриш уларга карьера истиқболлари, чет элга чиқиш имкониятини беришини ва “E-GOV – бу катта нарса” эканига ишонтира олади.

2-маслаҳат: Бакалавриат пайтидаёқ карьерани бошлашга, ўз соҳангизда амалий билимларга эга бўлишга ҳаракат қилинг. Талабалар орасида жамоат ишларида фаол бўлиш ҳам грант ютиш имкониятларингизни янада оширади.

Волонтёрлик тажрибасизликдан яхшироқ

Давлат ташкилотида бир талаба ўлароқ ишлаш деярли даромад олиб келмайди. Бу кўпроқ волонтёрликка ўхшайди. Бироқ Абдуворисга кўра, ўта ҳар хил, эҳтимол баъзида унча жозибали бўлмаган вазифаларни бажаришга тўғри келса ҳам, электрон ҳукумат марказида у одамлар билан мулоқот қилиш, лойиҳаларни бошқариш каби “soft” (умумий) профессионал кўникмаларни эгаллайди.

Кўриниб турибдики, Вестминстерда ўқийдиган прогрессив йигит-қизларни жалб қилиш давлатга ҳам (айниқса, e-ҳукуматга ўхшаш янгича структураларга) керак. Хуллас, икки томон ҳам ютяпти.