Ўзбекистон | 14:25 / 25.03.2021
10977
2 дақиқада ўқилади

Тошкент транспорт университети талабасида COVID-19 аниқланди, бир факультет вақтинча онлайн таълимга ўтди

Тошкент транспорт университетининг Авиация транспорти муҳандислиги факультети 3-босқич талабасида COVID-19 касаллиги аниқланган. Бу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Касаллик тарқалишини чеклаш мақсадида Авиация транспорти муҳандислиги факультети талабалари икки ҳафталик муддатга онлайн таълимга ўтказилган. Айни пайтда Лабзак даҳасидаги факультет жойлашган ўқув биносидаги барча ходимлар ва талабалардан ПЗР тести олинган.

Факультет талабалари икки ҳафталик масофавий таълимга ўтказилган.

Университет матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, бу талаба институт ётоқхонасида яшамаган. Айни пайтда бемор Зангиотадаги марказда даволанмоқда, аҳволи қониқарли. Университет жамоаси у билан мунтазам алоқада.

Бундан аввалроқ, Тошкентнинг Олмазор тумани ҳудудидаги талабалар шаҳарчасида жойлашган ётоқхоналардан бирида талабалар орасида, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида, шунингдек, Андижон давлат университетининг 6 нафар ходимида коронавирус аниқлангани тўғрисида хабарлар берилганди.

ССВ маълумотига кўра, 24 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 138тага ошиб, 81 минг 816тага етган. Бу эса йил бошидан бери кузатилган рекорд кўрсаткичдир. Шунингдек, Тошкент шаҳрида кунлик касалланиш кўрсаткичлари сўнгги ойларда илк марта юздан ошди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 1049 нафар бемор даволанмоқда, шундан 191 нафари оғир, 85 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мавзуга оид