Ўзбекистон | 10:19 / 30.08.2023
8081
4 дақиқада ўқилади

Ёшлар сиёсатидан мақсад қандай бўлиши керак?

Август – Ўзбекистонда ёшларнинг олий таълимга кириш имтиҳонлари ойи. Ёшлар бу ойда ўзларининг келажагини белгилашга, имкон қадар олий таълим олишга интилишади. Улар давлатнинг келажагини белгилаб берувчи демографик қатламдир.

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. 36 миллионлик Ўзбекистонда, 30 ёшгача бўлган ёшлар 65 фоиз аҳолини ташкил қилади. Яъни ҳар уч ўзбекистонликнинг икки нафари ҳали 30 га кирмаган. Қолаверса, Ўзбекистонда туғилиш ва демографик ўсиш салмоғи ҳам анча катта. Ҳар йили 900 мингдан ортиқ бола туғилади. Соф демографик ўсиш эса, 670 мингдан ошади. Демак, ҳар икки йилда, Ўзбекистон аҳолиси, бир миллион 200 мингдан кўпроққа ошади. Ташқи дунё билан ўлчаганда, Ўзбекистонда ёшлар жуда катта қатламни ташкил қилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ёшлар – жамиятнинг энергияси ҳисобланади. Келажакни тасаввур қилмоқчи бўлсангиз, ёшларнинг онгига қўл солиб кўриш кифоя қилади. Хўш, Ўзбекистон ёшлари нималар ҳақида ўйлашади? Уларни нималар безовта қилади? Орзу-умидлари нималардан иборат? Ёшларимиз ўзларининг келажагини қанчалик Ўзбекистон билан, унинг давлат институтлари билан боғлашади? Ҳукуматга муносабатлари қандай?

Ёки, Ўзбекистон ёшларининг сиёсий қадриятлари нималардан иборат? Неча фоиз ёшларимиз ўзларини либерал, ёки консерватор, ёки социал-демократ, яшиллар ёки марксистлар деб билишади? Уларнинг қолган сиёсий мафкураларга муносабатлари қандай? Умуман, ёшларнинг бу сиёсий мафкураларни тушуниш даражаси қай ҳолатда? Бу саволларнинг жавоби Ўзбекистоннинг яқин ўн йилликлардаги келажагини, ҳолатини белгилаб беради.

Ўзбекистонда ёшларнинг фикрини ўрганиб борадиган тадқиқот марказлари борми? Бир вақтлар, 2002-05 йиллар оралиғида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида ишлаганман. Ўша вақтлари, ҳар йили ёшларнинг дунёқарашини ўрганадиган мониторинг бўларди. Лекин бу тадқиқотлар жамиятга – одамларга очиқ ва холис тақдим қилинмас эди.

Ҳозир ҳам Ўзбекистон ёшларининг қарашлари акс этган тадқиқотлар борлиги билинмайди. Жамият эса, ўз аъзоларининг фикрини олдин ҳам билмаган, ҳозир ҳам билмайди. Ижтимоий фикр ҳолатини билмагач, мутафаккирлар ва журналистлар, тадқиқотчилар ва сиёсатчилар, жамиятнинг, ёшларнинг қарашлари борасида фикр юрита олмайди.

Хўш, давлатнинг ёшлар борасидаги сиёсати қандай? Ўзбекистон ўзининг келажаги бўлмиш ёшлар қиёфасида, қандай шахсларни тайёрлаяпти?

Агар Ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифалари билан танишсангиз, унинг фаолиятини таҳлил қилсангиз, бу ташкилот ёшларда қандай сифатни тарбиялашга ҳаракат қилаётганини тушунасиз. Бу сифат – этатизм. Яъни давлатпарварлик, ҳукуматпарварлик, давлатга итоатгўйлик. Муаммо шундаки, бу қадрият билан биргаликда, бошқа муҳим сиёсий қадриятлар, қарашлар ва малакаларни шакллантиришга эътибор жуда паст.

Ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий фаол бўлиши – қимматли ресурс ҳисобланади. Қиёслаш учун, Германия Федератив Республикасида федерал даражадаги йирик ёшлар иттифоқлари ва ташкилотларининг сони 90дан ортиқ. Бу ташкилотлар ёшларга сиёсий йўналиш беради, уюштиради, давлат билан мулоқот ва ҳамкорлик қилишлари учун имкониятлар яратади.

Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати шундай бўлиши керакки, давлат кейинги ўн йилликларга кучли лидерлар қатламини тайёрлаши керак. Кейинги ўн йилликларда, инсоният рақамли жамиятга янада чуқурроқ кириб боради. Ҳаётнинг барча соҳаси мислсиз рақамлашади. Ахборотлашув миқдори фақат ошиб боради.

Мисол учун, 2030, 2040 ёки 2050 йилларга бориб, Ўзбекистонга жуда кучли ва рақобатдош сиёсий лидерлар ва малакали элита зарур бўлади. Бу элита ва лидерлар қатламини тайёрлашни бугундан бошлаш керак. Ўзбекистон ёшларига иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий билимлар бериш, уларни эркин ва танқидий фикрлай оладиган шахслар сифатида етиштириш – давлатнинг ёшлар сиёсатидаги энг марказий вазифаси бўлиши керак.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид