Ижтимоий тармоқлар орқали ишлайдиган фирибгарлик тўдалари Россияда йиллар давомида эркин ҳаракат қилиб келмоқда. Улар одамларни телефон орқали алдайди, пулни ювиш учун бегона банк карталарини ижарага олади, курьер сифатида эса асосан муҳожир ёшларни ишга ёллайди. Оқибатда эса жиноятни ташкил қилганлар эмас, айнан алданган курьерлар бугун панжара ортига тушмоқда.
Бугун Москвада қамалган ўзбекистонлик талаба мисолида телеграмда очиқ ишлаётган жиноий каналлар ва икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари ўртасида сарсон бўлаётган ота ҳақида ҳикоя қиламиз.
Бу воқеалар занжири 2024 йил декабр ойида бошланган. Москва шаҳрида таҳсил олаётган, Сеченов номидаги давлат тиббиёт университетининг талабаси Умиджон бўш вақтларида қўшимча даромад топиш мақсадида курьерлик қилади. Илгари у ишлаган жойлар қонуний бўлиб, асосан ҳужжат ташиш билан шуғулланган.
26 декабр куни у ётоқхонадаги таниши орқали “Москва ишлар” номли телеграм каналда жойлаштирилган эълонни кўради. Эълон ўзбек тилида ёзилган бўлиб, “Москва бўйлаб ҳужжат ташиш, ноқонуний жиҳатлари йўқ” дея таърифланган. Канал асосан муҳожирларга қаратилган, ишонч уйғотувчи услубда юритилган.
Умиджон кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилади. Кейинроқ ўзини иш берувчи деб таништирган шахс қайта алоқага чиқиб, Telegram орқали боғланишини айтади. Шундан сўнг “Михаил” номли аккаунт билан ёзишмалар бошланади. У иш жуда махфий эканини, ҳужжатлар ҳақида ҳеч кимга айтмаслик кераклигини таъкидлайди. Акс ҳолда депортация ёки ўқишдан ҳайдалиш билан қўрқитади. Шу жараёнда Умиджондан паспорт нусхаси ва шахсий фотоси олинади.
27 декабр куни Умиджон келишилган жойга бориб, нотаниш шахсдан пакет қабул қилиб олади. Пакетни очмаслик қатъий тайинланади. Кейин у телефон орқали берилган кўрсатмага биноан пакетни белгиланган жойда - кафе ҳожатхонасида қолдиради. Шу билан унинг “иш куни” якунланади.
Бироқ орадан кўп ўтмай, Умиджон учун бутунлай бошқа жараён бошланади. 2025 йил 8 январ куни Рязань вилояти Касимов шаҳри ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилади. Унга Россия Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми - уюшган гуруҳ таркибида фирибгарлик айблови қўйилади.
14 феврал куни Умиджон ушланиб, тергов изоляторига жойлаштирилади. У олти ойдан ортиқ вақт давомида ҳибсда сақланади. Тергов давомида у пулни ўзлаштирмаганини, фақат пакетни қабул қилиб, кўрсатилган жойда қолдирганини билдирган.
Шу вақт ичида Умиджоннинг отаси Муроджон Аъзамов мустақил равишда иш материалларини ўрганишга киришади. У фирибгарлар фаолияти билан боғлиқ телеграм каналлар, ёзишмалар, видеолар ва скриншотларни тўплайди.






