Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин чет элда Россияни “демократик давлат” сифатида тарғиб этишни талаб қилди
Россия президенти Владимир Путин 2036 йилгача мўлжалланган янги давлат миллий сиёсат стратегиясини тасдиқлади. У алоҳида равишда рус тилини илгари суриш ва «русофобия»га қарши кураш масалаларига эътибор қаратди.
Фото: Sputnik/Artem Geodakyan
Президент Россия ҳукуматига бошқа давлатлар аҳолисида РФни «демократик федератив ҳуқуқий давлат» сифатида қабул қилиш тўғрисида тасаввур шакллантиришни топширди. Унга кўра, бу давлат жинс, ирқ, миллат, тил, келиб чиқиши, мулкий аҳволи, дини, эътиқоди ёки жамоат бирлашмаларига мансублигидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларнинг тенглигини кафолатлаши лозим. Мазкур кўрсатма Путин томонидан тасдиқланган ва сешанба, 25 ноябр куни тегишли фармони билан бирга эълон қилинган 2036 йилгача бўлган давлат миллий сиёсат стратегиясида ўз ифодасини топган.
Олти бўлим ва 61 банддан иборат ушбу ҳужжатда амалдорларга «давлат яратувчиси» рус халқи ролини мустаҳкамлаш зарурлиги кўрсатилган. Жумладан, рус маданияти ва анъаналарини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар умумий шунга ўхшаш ташаббусларнинг камида 50 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Алоҳида равишда рус тили ва маданиятини хорижда тарғиб қилиш, шунингдек, «русофобия», ксенофобия ва неонацизмга қарши курашиш вазифалари қайд этилган.
«Новая газета Европа» нашри таъкидлашича, стратегияда аниқ мақсадли индикаторлар келтирилган. Концепцияга кўра, 2036 йилга бориб россияликларнинг 95 фоизи «фуқаролик онги»ни намоён этиши керак. Амалдорлар аҳолининг 85 фоизи миллатлараро муносабатларни ижобий баҳолашини, шунингдек, «миллий асосда жиддий низолар чиқиши мумкин» деб ўйловчилар улуши 15 фоиздан ошмаслигини таъминлаши лозим.
Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидаги аҳоли, ҳужжатга кўра, «умумроссия тадбирлари»да иштирок этиши керак, бунда қамров ҳеч бўлмаганда 2,5 миллион кишини ташкил этиши белгилаб қўйилган.
Россия «демократик федератив ҳуқуқий давлат» экани, ўз барча фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларининг тенглигини кафолатлаши ҳақидаги норма РФ конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Бироқ сўнгги йилларда мамлакат ҳокимияти айрим аҳоли гуруҳларининг ҳуқуқларини чекловчи қатор қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилди. Улар орасида муайян сиёсий ва диний қарашларга эга бўлганлар, шунингдек «чет эл агентлари», «номақбул» ёки «экстремистик» деб эълон қилинган ташкилотлар билан боғлиқ шахслар ҳам бор.