Таълим | 10:23 / 14.03.2026
2107
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади

Ўзбекистонда аграр соҳада илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва агросаноат мажмуини илмий асосда ривожлантириш мақсадида янги илмий муассаса ташкил этилмоқда. Бу президентнинг “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган.

Фармонга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази негизида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади. Академия қишлоқ хўжалиги соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни йўналтириш, узоқ ва яқин муддатли илмий дастурларни белгилаш ҳамда агросаноат мажмуини илмий жиҳатдан ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи давлат илмий муассасаси ҳисобланади.

Ҳужжатга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги ва ер муносабатлари билан боғлиқ ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишиш жараёнида мажбурий тартибда академияда илмий экспертизадан ўтказилади.

Шунингдек, академияда қатор илмий унвонлар бериш тартиби жорий этилади. Улар қаторига ёш академик, академия профессори, академиянинг мухбир аъзоси, академиянинг ҳақиқий аъзоси (академик) ҳамда академиянинг хорижий аъзолари каби унвонлар киради.

Мазкур академия ташкил этилиши аграр соҳада илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини илмий асосда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид