Спорт | 11:38 / 05.05.2026
13602
6 дақиқада ўқилади

«Сити» пойгада қоқилди

«Эвертон» «шаҳарликлар» дарвозасига 3 та гол урди ва «Арсенал»нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини ошириб юборди.

Гейи ва Ҳусановнинг хатолари қимматга тушиши мумкин

«Эвертон» – «Манчестер Сити» 3:3
Голлар:
Доку, 43 (0:1). Барри, 68 (1:1). О`Брайен, 73 (2:1). Барри, 81 (3:1). Ҳоланд, 83 (3:2). Доку, 90+7 (3:3)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко, О`Брайен, Гарнер, Ироэгбунам (Армстронг, 90+6), Дюсбери-Ҳолл (Паттерсон, 90+2), Ндиай, Рел (Алкарас, 90+2), Бету (Барри, 64)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес (Ковачич, 75), Бернарду Силва (Мармуш, 87), Шерки, Доку, Семенё (Фоден, 74), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Кин, 45. Бету, 48. Тарковски, 53. О`Брайен, 86 – Доннарумма, 74

АПЛнинг 35-турида «Сити» «Эвертон»га қарши ўйнади. «Шаҳарликлар» жамоаси турнир жадвалида захирасида икки ўйин бор ҳолатда «Арсенал»дан олти очкога ортда қолаётганди ва мавсум охиригача очко йўқотишга ҳаққи йўқ эди.

Ливерпулдаги ўйиннинг биринчи бўлими меҳмонлар учун осон кечмади. «Сити» кўпроқ вақт давомида тўпга эгалик қилди, аммо етарлича хавфли вазиятлар яратилмади. Тахминан 40-дақиқаларга келиб Хосеп Гвардиола жамоаси 10 та зарба берганди, аммо улардан фақат биттаси дарвоза соҳасига тўғри борганди. Жанлуиджи Доннаруммага ҳам у қадар кўп иш топилмади. Италиялик дарвозабон фақат бир марта ўзини кўрсатишига тўғри келди ва Бетуга бораётган тўпни қўллари билан тўхтатиб қолди.

Биринчи бўлим кўпроқ Жеймс Тарковски ва Абдуқодир Ҳусанов ўртасидаги тўқнашув билан ёдда қолди. «Эвертон» ҳимоячиси бу вазиятда ўзбекистонликнинг футболкасидан тортиб қолди, ёш ҳимоячи эса аллақачон АПЛга мослашганини намойиш этиб, унга жавоб қайтарди.

Бош ҳакам воқеа жойига етиб келди ва барчани тинчлантиришга эришди.

Биринчи бўлим охирида «Сити» барибир ўз мақсадига эришди. Хосеп Гвардиола жамоасининг узоқ чўзилган ҳужуми Райан Шерки Жереми Докуни қулай вазиятга чиқариши ва белгиялик вингер олис бурчак томон идеал зарба бериши билан якунланди.

Мезбонлар танаффусдан кейин босимни оширишди ва кетма-кет имкониятларга эга бўла бошлашди. Аввалига Илиман Ндиайе Доннаруммани узоқ масофадан синаб кўрди – дарвозабон ишончли ҳаракат қилди.

Бир неча дақиқа ўтиб «Сити» мудофаасида парокандалик юзага келди ва Ндиайе дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Аммо Доннарумма бу сафар ҳам рақибга ҳисобни тенглаштиришга имкон бермади – бу сафар у тўпни елкаси билан тўсиб қолди. Лекин мезбонларнинг босими ошишда давом этди, «Сити» футболчиларида чарчоқ кўзга ташлана бошлади. Гвардиола эса захира имкониятларидан фойдаланишга шошилмади.

Ўйннинг 68-дақиқасида Доннаруммани ўз ҳимоячиси ноқулай аҳволда қолдирди. Қишки трансферларда сотиб олинган Марк Гейи унга пас беришда ноаниқ ҳаракат қилди ва бундан Терно Барри фойдаланиб қолди. Аввалигага Майкл Оливер «Эвертон» футболчисини офсайдда деб ҳисоблаб, голни инобатга олмаганди, аммо VAR вазиятга аралашиб, унинг хатосини тузатди – тўп ҳужумчига рақиб ҳимоячисидан борганда ўйиндан ташқари ҳолат ҳисобланмайди.

Беш дақиқа ўтиб Ҳусанов ҳам хатога йўл қўйди. У тўпни олдирганидан кейин рақиб бурчак зарбаси ишлади ва шу стандарт вазиятдан иккинчи гол ўтказилди. Жеймс Гарнернинг узатмасидан кейин Жейк О’Брайен бош билан дарвозани ишғол этди. Доннарумма ҳакам қаршисида тиз чўккан ҳолда ўзига нисбатан фол ишлатилганига ишонтиришга уринди, аммо Оливер майдон марказини кўрсатди, Гвардиола эса юзини тимдалай бошлади. «Эвертон» иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнаётганди ва ҳақли голларини урди.

Кейин эса Барри дублни расмийлаштирди – бу сафар Ҳусанов офсайд чизиғини ушлашда хатога йўл қўйди ва ҳужумчи бўш дарвозани ишғол этди.

«Сити» фанатлари дарҳол стадионни тарк этишга киришди. Лекин кўп ўтмай улар ортга қайтишди. Бу мухлислар Эрлинг Ҳоланднинг голини ўтказиб юборишди – норвегиялик ҳужумчи ўз техник маҳоратини ишга солиб, тўпни дарвозабон устидан ошириб йўллади.

Оливер ўйинга олти дақиқа қўшиб берди, «Сити» эса саккизинчи дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Доку жарима майдони ташқарисидан яна бир чиройли гол урди.

Аммо бу ҳисоб «шаҳарликлар»ни қониқтирмасди ва ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагидан сўнг меҳмонлар тушкун кайфиятда қолишди. Энди «Сити» турнир жадвалида «Арсенал»дан 5 очкога ортда қолмоқда ва барчаси лондонликларнинг ўзига боғлиқ.

«Арсенал»нинг навбатдаги рақиблари турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган жамоалар («Вест Ҳэм», «Бёрнли» ва «Кристал Пэлас»), бу ўйинларда Артета жамоасини исталган ҳисобдаги ғалабалар қаноатлантиради ва у ҳолда «Сити» ўзи қандай натижалар қайд этишидан қатъи назар, биринчи ўринга кўтарила олмайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид