«Арсенал» – «Атлетико» 1:0
Гол: Сака, 45 (1:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Калафьори (Инкапие, 58), Уайт, Райс, Люис-Скелли (Субименди, 74), Эзе (Эдегор, 58), Троссар (Мартинелли, 83), Сака (Мадуэке, 58), Йокереш
«Атлетико»: Облак, Ганцко, Ле Норман (Молина, 57), Руджери, Пубил, Коке, Лиоренте, Лукман (Кардозо, 57), Симеоне (Сёрлот, 57), Гризманн (Баэна, 66), Алварес (Алмада, 66)
Огоҳлантиришлар: Аррисабалага, 90 – Пубил, 81. Коке, 90
Мавсум арафасида «Арсенал» ёки «Атлетико» Чемпионлар лигаси яримфиналида ўйнашини деярли ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Аммо вазият шуни тақозо қилдики, икки жамоа яримфиналгача етиб келди ва улардан бири финалда ўйнайдиган бўлди. Мадридда бўлиб ўтган биринчи ўйиндаги дурангдан кейин «Арсенал» фаворит деб ҳисобланаётганди ва амалда ҳам шундай бўлиб чиқди ва Артета шогирдлари бош соврин учун курашни давом эттирадиган бўлди.
АПЛнинг ўтган турида «Фулҳэм»га қарши ўйинда чап қанот ҳимоячиси Люис-Скелли яримҳимояда туширилишини кўпчилик «Атлетико»га қарши муҳим ўйин олдидан асосий таркиб футболчиси Мартин Субимендига дам берилгани билан боғлаганди. Аммо ёш инглиз футболчиси ўша ўйинда шу қадар ёрқин ўйин кўрсатдики, Артета бу тажрибани давом эттиришга қарор қилди. Шунингдек, жароҳатидан тузалиб сафга қайтган Сака ва Калафиори яна бошланғич таркибдан ўрин олди.
Шунингдек, кўпчилик мадридликлар ҳимоядан ўйнашини тахмин қилганди. Амалда эса ҳар икки жамоа ҳам илк дақиқалардан юқори чизиқда прессинг уюштирди. Натижада лондонликлар яримҳимоячиси Райс кўпинча мезбонлар сон жиҳатдан устунликка эришиши учун орқага қайтишига тўғри келди.
Ўйиндаги илк хавфли вазиятлар ҳам меҳмонларда юзага келди, аммо 8-дақиқада қарши ҳужумда юзага келган вазиятдан Алварес фойдалана олмади. Кейинги вазиятда эса Жулиано Гризманнинг узатмасини голга айлантира олмади.
Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмидан ташаббус мезбонлар қўлига ўта бошлади. Мадридликлар эса тўпни топширишди ва кўпчилик бўлиб ҳимояланишга ўтди. Ўз-ўзидан «Арсенал»да ҳам голли вазият юзага келди. Аввалига Люис-Скелли ва Букайо Сака хавфли зарбалар йўллади.
Бўлим голсиз якунланишига қараб кетаётганида эса меҳмонлар дарвозабони Облак йўқ жойдан муаммо яратди. 45-дақиқада Уайт ўнг қанотдан ҳимоячилар оралатиб узун узатма берди, тўпга эса Йокереш дарвозабондан олдинроқ етиб борди ва жарима майдони марказига узатма оширди, у ерда турган ҳимоячи тўпни узоқлаштира олмади ва тўп Троссарга етиб борди. Белгиялик вингер эса рақиблар қуршовида турганига қарамай кучли зарба берди, бу вақтда ўз жойига қайтишга улгурган словакиялик посбон тўпни тўсди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб Сака етиб келди ва аниқ ҳаракат қилди – 1:0.












