Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди
2 сентябр куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Жинпингнинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Хитой етакчиси ва дўст Хитой халқини Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Тянцзин шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ўзбекистон президенти ХХР раисининг глобал бошқарув бўйича ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади.

Давлат раҳбарлари ўтган йиллар давомида икки томонлама муносабатлар ривожида катта ютуқларга эришилганини таъкидлади. Барча даражалардаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, муҳим масалалар юзасидан томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида қайд этилди.
“Ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда “уч ёвуз куч” – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.

Савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали бу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш вазифаси турибди.
Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга туширилган. Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар фаолият юритмоқда, BYD электромобилларини ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда ва маҳаллийлаштириш даражаси оширилмоқда.

Ташриф арафасида бизнес форум муваффақиятли ўтказилди. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш, жамоат транспортини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, пулли автомобиль йўлларини барпо этиш, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, кимё, сув ва қишлоқ хўжалиги, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Эксимбанк, Хитой давлат тараққиёт банки, “Ипак йўли” жамғармаси ва бошқа институтлар билан кенг кўламли шериклик кенгаймоқда. Эксимбанк кўмагида яқинда Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Хитой тажрибаси асосида мамлакатимизда камбағалликка барҳам беришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишда экспертлик кўмаги давом эттирилади.

Инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилишининг амалий босқичи бошлангани қайд этилди.
Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди. Сиан нефт университети филиалини очиш тўғрисида битим имзоланди. Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган.
Жорий йилда Ўзбекистонда иккинчи таълим форуми ўтказилади. Хитой тилини ўрганишни кенгайтириш ва ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш учун квоталарни кўпайтириш, Конфуций институтлари фаолиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланди.

Мамлакат ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон – Хитой “Лу Бан устахоналари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.
Сайёҳлар алмашинуви ўсиши учун шароит яратиш мақсадида авиақатновлар сони оширилмоқда, икки мамлакат ўртасида визасиз тартиб жорий этилди.
Шу кунларда Хитой Миллий музейидаги катта кўргазмада Ўзбекистон ҳам қатнашмоқда. 2027 йилда Шанҳай ва Пекинда санъат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф доирасида ўзаро маданият марказларини очиш тўғрисида тарихий битим қабул қилинади.
Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди.
Мавзуга оид
15:21 / 22.12.2025
Хитой ноябрда Россиядан рекорд миқдорда олтин сотиб олди
18:22 / 20.12.2025
Хитойдан олиб келинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чегарада ушлаб қолинаётганига изоҳ берилди
07:52 / 20.12.2025
Пентагоннинг ички ҳужжати: Хитой АҚШ денгиз устунлигига қандай чақириқ ташламоқда?
07:30 / 17.12.2025