Жаҳон | 17:52 / 22.12.2020
4034
2 дақиқада ўқилади

«Британия коронавируси» болаларга тез юқади деб ҳисобланмоқда

 Лондон империя коллежи профессори Нил Фергюсоннинг айтишича, охирги вақтда коронавируснинг янги штамми кўпроқ 15 ёшгача бўлган болаларда аниқланмоқда.

Фото: Henry Nicholls / Reuetrs

 Коронавируснинг Буюк Британияда аниқланган янги штамми болалар учун юқумли бўлиши мумкин, деди Лондон империя коллежи профессори Нил Фергюсон. Бу ҳақда Sky News ёзмоқда.

 Экспертнинг сўзларига кўра, ҳозирча олимлар бу ҳолатнинг механизмини тушуна олишмаяпти, аммо статистик маълумотлар шундан дарак бермоқда.

«Штаммнинг болаларга юқишига мойиллиги кучли. Биз қандайдир сабаб-оқибат боғлиқлигини аниқлай олмадик, аммо буни статистикада кўриш мумкин», — деди у.

Фергюсоннинг айтишича, охирги вақтда шифокорлар коронавируснинг янги штаммини кўпроқ 15 ёшгача бўлган болаларда аниқламоқда.

Профессор Венди Барклай бундай маълумотларга баҳо беришда эҳтиёткорликка чақирди.

 «Биз бу вирус болаларга аниқ юқади демоқчимасмиз. SARS-CoV-2 дастлабки пайдо бўлган шаклида катталарга нисбатан болаларга камроқ юққанини биламиз ва бу борада кўплаб тахминлар бор», — деди Барклай.

 Декабр ўрталарида Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок мамлакатда вируснинг янги тури аниқлангани ҳақида маълум қилганди.

 Мамлакат бош вазири Борис Жонсоннинг маслаҳатчиларига таяниб маълум қилишича, янги вирус олдингисидан 70 фоизга юқумлироқ бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид