Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лондон Украинaга юборилиши мумкин бўлган қўшинлар учун 230 млн евро ажратди
Буюк Британия эҳтимолий ярашув (оташкесим)дан кейин Украинага ўз қўшинларини юбориш имконияти учун қуролли кучларни янги ускуналар билан жиҳозлашга 230 млн евро ажратади.
Фото: Justin Tallis/AFP/Getty Images
Буюк Британия эҳтимолий ярашув (оташкесим)дан кейин кўпмиллатли кучлар таркибида Украинага британиялик ҳарбийларни юборишга тайёргарлик учун 200 млн фунт (тахминан 230 млн евро) ажратди. Бу ҳақда жума куни, 9 январда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар қилди.
Ажратилган маблағлар Британия қуролли кучларини янги ускуналар билан жиҳозлаш, транспорт воситаларини модернизация қилиш, алоқа тизимларини янгилаш ва дронлардан ҳимоя воситаларини кучайтиришга йўналтирилади.
Украина ҳудудида хорижий қўшинлар ва ҳарбий объектларни жойлаштириш Россия томонидан унинг хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид сифатида баҳоланади, деганди олдинроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Унинг айтишича, “бундай бўлинмалар ва объектлар” Россия армияси томонидан “қонуний ҳарбий нишонлар” сифатида кўрилади.
Шу билан бирга, Захарова 6 январ куни Парижда “кўнгиллилар коалицияси” мамлакатлари Украинага хавфсизлик кафолатлари бўйича декларация, шунингдек уруш тугаганидан кейин Украинада француз ва британ қўшинлари ҳамда ҳарбий объектларни жойлаштиришга доир уч томонлама ҳужжатни имзолаганига ишора қилди.
Киев, Париж ва Лондон 6 январ куни Парижда ўтказилган учрашувда ниятлар декларациясини имзолади. Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг сўзларига кўра, у ҳужжат ўт очиш тўхтатилгандан кейин Украинада британ, француз ва бошқа “ҳамкор” қўшинларни жойлаштириш учун “ҳуқуқий асос” яратади.
Британия ҳукумати раҳбари, шунингдек, ўт очиш тўхтатиш режими бошланиши билан Британия ва Франция Украина бўйлаб “ҳарбий марказлар” ташкил этиши ва қурол ҳамда ҳарбий техникани сақлаш учун “ҳимояланган объектлар” қуришини айтди.
The Times нашри маълумотларига кўра, Буюк Британия ва Франция Россия билан тинчлик келишуви тузилгандан кейин хавфсизлик кафолати сифатида Украинага 15 минг нафаргача ҳарбий юборишни режалаштирмоқда, Германия эса Украина яқинида кучларни жойлаштиришга тайёр. Нашр, шу билан бирга, эҳтимолий контингент сони “кутилганидан анча кам” эканини таъкидлайди.
Мавзуга оид
00:14
Буюк Британияда X ижтимоий тармоғи тақиқланиши мумкин
19:07 / 08.01.2026
Британия ва Франция тинчлик шартномасидан кейин Украинага 15 минггача аскар юборишни режалаштирмоқда
12:53 / 07.01.2026
Киев иттифоқчилари Украинага кафолатлар ҳақида декларация имзолади
09:53 / 06.01.2026